Озарбайжон халқаро банки Davr Bank назорат пакетини 1,65 трлн сўмга сотиб олди

10.09.2026 11:33

118

Озарбайжон халқаро банки (ABB) Ўзбекистондаги Davr Bank оддий акцияларининг 51 фоизини қарийб 1,65 трлн сўмга — тахминан 140 миллион долларга сотиб олди. Битим 10 сентябрь куни «Тошкент» республика фонд биржасида расмийлаштирилди. Май ойида банкнинг эълон қилинган тахминий сотиб олиниш нархи 100 миллион доллар эди.

Фото: Davr Bank

«Тошкент» республика фонд биржаси маълумотларига кўра, транзакция 10 сентябрь куни олти изчил битим тарзида амалга оширилган: ABB жами 51 миллион дона оддий акцияни бир хил нархда — ҳар бир акция учун 32 281,28 сўмдан сотиб олди. Умумий қиймат 1 триллион 646 миллиард 345 миллион сўмни ташкил этди. Марказий банкнинг ўша кундаги расмий курси (1 доллар — 11 797,92 сўм) бўйича бу 139,5 миллион долларга тенг (таҳр.).

Биржада Davr Bank акциялари билан амалга оширилган битимлар. Скирншот: uzse.uz

Davr Bank устав фонди 500 миллиард сўмни ташкил этади ва у 100 миллион дона оддий акцияга бўлинган, банк имтиёзли акция чиқармаган. Шунга кўра, битим нархи бир акциянинг номинал қийматидан — 5 000 сўмдан — 6,5 баробар юқори (таҳр.).

51 фоизлик улуш учун тўланган сумма банкнинг 100 фоизини 3,23 триллион сўмга баҳолайди. Банкнинг ярим йиллик ҳисоботига кўра, унинг капитали 2,39 триллион сўмни ташкил қилади. Бошқача айтганда, назорат пакети капиталга нисбатан тахминан 1,35 коэффициент бўйича сотилган. Дастлаб ABB 51 фоиз улушни 100 миллион долларга сотиб олишни мўлжаллаган эди. Якуний нарх бундан 40 фоизга юқори чиқди.

Жорий йил май ойида Озарбайжонда давлатга тегишли йирик банклардан бири - ABB йилнинг иккинчи ярмида Davr Bank'ни сотиб олиш ва Ўзбекистон бозорида фаолият бошлашни режалаштиргани маълум бўлган эди. Июнь ойида Davr Bank акциядорлари банкнинг 51 фоиз улушини ABB'га сотиш бўйича музокараларни давом эттиришни маъқуллади.

22 август куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Озарбайжон минтақалари IV форумида Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жаббаров ABB'нинг Davr Bank улушини сотиб олиш орқали Ўзбекистон бозорига «ABB Davr» бренди остида кириши ҳақида эълон қилди. 23 август куни Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳам Алиев иштирокида ўтказилган Ўзбекистондаги Озарбайжон инвестиция лойиҳаларининг очилиш маросимида битим якунлангани расман эълон қилинди.

27 август куни Тошкент фонд биржаси Davr Bank оддий акциялари бўйича 5,5 йиллик танаффусдан сўнг савдоларнинг қайта тикланганини маълум қилди. UZ7050240009 кодли қимматли қоғозлар DRBK тикери остида биржа рўйхатига киритилиб, улар бўйича савдолар 28 августдан бошланган.

ABB — Озарбайжоннинг энг йирик банки, унинг назорат пакети давлатга тегишли. Fitch Ratings маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярми якунида банк мамлакат бозорида активлар бўйича 25 фоиз, кредит портфели бўйича 24 фоиз улушга эга бўлган.

ABB бошқаруви раиси Аббос Иброҳимовнинг сентябрь бошида айтишича, «ABB Davr» бренди остидаги фаолият тахминан октябрь ойида бошланади: ребрендинг аввал рақамли каналлардан бошланиб, филиаллар, банкоматлар ва карталар босқичма-босқич ўзгартирилади. Озарбайжонда синовдан ўтган рақамлаштириш, сунъий интеллект ва риск-менежмент ечимларини Ўзбекистонга кўчириш режалаштирилган.

Davr Bank Ўзбекистонда 2001 йил сентябридан бери фаолият юритиб келмоқда. Банк маълумотига кўра, ҳозирда у 2 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатади, 1 800 дан зиёд ходими ҳамда Тошкент ва ҳудудларда 43 та филиали бор.

2026 йил I ярим йиллиги маълумотларига кўра, банк активлари 13,2 триллион сўмни, мажбуриятлари эса 10,8 триллион сўмни ташкил қилади. Банк 2025 йилни 631,5 миллиард сўм соф фойда билан якунлаган, 2026 йилнинг биринчи чорагида 183,6 миллиард сўм, биринчи ярим йиллигида эса 368,7 миллиард сўм соф фойда олган.

Битимгача банк устав капиталининг 80,1 фоизи тўртта жисмоний шахсга тегишли эди; шундан энг катта улуш — 46,9 фоиз — Кузатув кенгаши раисига қараган. Қолган 19,9 фоиз бошқа акциядорлар ихтиёрида бўлган.

Манба: stat.uz

Эслатиб ўтамиз, август ойида Fitch Ratings битим 2026 йилнинг учинчи чораги охирига қадар якунланишини кутаётганини хабар қилган эдик — битим айнан шу муддатда расмийлаштирилди. Ўшанда Davr Bank акциядорлари келажакда яна 23 фоизлик улушни сотиш шартларини муҳокама қилиши ҳам айтилган эди.

Теглар:

#Озарбайжон халқаро банки#даврбанк#биржа

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган