2026 йил 30 май куни "FAST FINANCING SERVICE MIKROMOLIYA TASHKILOTI" АЖ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилади. Йиғилиш кун тартибида асосий масаса сифатида микромолия ташкилоти фаолиятини ўзгартириш орқали микромолия банкини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилади .Бу ҳақда компания томонидан Корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилинди.
Акцияорлар умумий йиғилши Хоразм вилояти Урганч тумани Янги Хоразм кўчаси 46 уй 1 хонадон манзилида жойлашган компания бош офисида ўтказилади.
"FAST FINANCING SERVICE" ММТ 2020 йил 10 февралда Хоразм вилояти Урганч туманида ташкил этилган. Шу йил 22 август куни Марказий банк томонидан микромолия ташкилоти фаолиятини юритиш учун лицензия олган.
Жамият жорий йил феврал ойида акциядорлик жамияти сифати қайта рўйхатдан ўтган. Март ойида эса устав капиталини 50 млрд сўмга етказган.
Компания расмий сайти маълумотларига кўра, Тошкент, Самарқанд, Нукус, Хива шаҳарлари, Гурлан, Ҳазорасп, Қўшкўпир, Боғот туманларида филиаллари бор.
Orginfo маълумотларига кўра, компания таъсисчилари 3 кишидан иборат: Болтаев Акбар Хамиджанович (76,0%), Хамидов Искандар Хамиджон ўғли (19,7%), Ахмедова Клара Ражаповна (4,3%) (маълумот актуал бўлмаслиги мумкин).
LinkedIn маълумотларига кўра, Акбар Болтаев Банк-молия академиясини тамомлаган, банк тизимида тажрибага эга мутахассис ҳисобланади. 2010-2013 йилларда Марказий банкда Департамент директори лавозимида ишлаган.
2026 йилнинг I чораги маълумотларига кўра, микромолия ташкилотининг активлари 106,41 млрд сўмни, мажбуриятлари 42,92 млрд сўмни ташкил қилган. Устав капитали эса 53,56 млрд сўм (йил бошида устав капитали 37,36 млрд сўмни ташкил қилган, март ойида қўшимча акциялар чиқариш йўли билан устав капиталини 53,6 млрд сўмга етказган, акциялар чиқарилуви апрель ойида давлат рўйхатидан ўтказилган).
2025 молия йилида FAST FINANCING SERVICE ММТнинг кредит портфели 84 млрд сўмни ташкил қилиб, бозорда 17-ўринни эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг февраль ойида қабул қилинган ЎРҚ-1026-сонли қонун билан Ўзбекистонда микромолия банкларини ташкил этишга рухсат берилган эди.
"Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонунга кўра микромолия банки — бу айрим чекловларни инобатга олган ҳолда банк фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс бўлиб, микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари занжирини боғловчи бўғин ҳисобланади. Ушбу банк устав капиталининг энг кам миқдори 50 млрд сўмни ташкил этади.
Шунингдек, мазкур қонунга мувофиқ, қуйидаги кредит ташкилотлари ўз фаолиятини ўзгартириши мумкин:
- микромолия ташкилоти — микромолия банки фаолиятига;
- микромолия банки — банк фаолиятига;
- банк — микромолия банки фаолиятига;
- микромолия банки — микромолия ташкилоти фаолиятига.
Тартибга кўра, "микромолия банки" учун дастлабки рухсатнома 6 ойга амал қилади ва ушбу муддат ичида тегишли тартиб-таомиллар бажарилади. Кейинчалик "микромолия банки" атамаси ҳам фирма номига қўшилиши лозим.
"Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги қонунга кўра, микромолия банки фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия Марказий банк томонидан берилади.
Ҳозирги пайтга қадар Ўзбекистонда фақатгина битта микромолия банки — Tayanch микромолия банки лицензияга эга. 2025 йил октябрда AGAT CREDIT, 2026 йил апрель ойида Alif микромолия банки очиш бўйича ишлар олиб бораётгани маълум бўлган эди.
