Ўзбекистон молия бозорида яна бир янги банк – “AGAT CREDIT” микромолия банки сифатида фаолиятини бошламоқда. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълумот берилди.
Жамият акциядорларининг 2025 йил 21 октябрь санасида бўлиб ўтган умумий йиғилиши қарорига кўра, “AGAT CREDIT” АЖ микромолия ташкилоти фаолиятини микромолия банки фаолиятига ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, йиғилиш куни тартибида янги устав ва ташкилий тузилмани тасдиқлаш ҳамда уни Марказий банкда рўйхатдан ўтказиш, “AGAT CREDIT” микромолия банкининг фаолият номи ва логотипини тасдиқлаш, янги банкнинг Бошқарув ва кузатув кенгаши таркибини тасдиқлаш каби масалаларни ҳал қилиш қайд этилган.
Жамиятнинг устав капитали 73,7 млрд сўм (73 715 688 004 та оддий номинал акция чиқариш асосида) миқдорида тасдиқланди.
Банкнинг бошқарув раиси этиб Антон Дмитриев, бошқарув аъзолари сифатида Улуғбек Адилов ва Мақсуд Мақсудов тайинланди. Улар ўз ваколатларини Марказий банк томонидан банк фаолияти учун лицензия берилган кундан бошлаб амалга оширади.
Шунингдек, банк кузатув кенгаши аъзолари этиб қуйидагилар сайланди: Сергей Лагутин, Олег Попов, Арман Мангитов, Артём Бадыков ва Алишер Мирзаев
“AGAT CREDIT” ҳақида
Компания сайтидаги маълумотларга кўра, “AGAT CREDIT” — 2018 йил 15 декабрда Ўзбекистон Марказий банки томонидан 53-сонли лицензия асосида рўйхатдан ўтган.
Компаниянинг асосий вазифаси — молиявий ресурсларга эҳтиёжи бор ҳар бир шахс ёки бизнесни қўллаб-қувватлаш, уларни молиявий имкониятлар билан таъминлашдан иборат.
Бугунги кунда “AGAT CREDIT” мамлакат бўйлаб 50 та филиалга эга — шулардан 8 таси Тошкентда, қолган 42 таси эса ҳудудий шаҳарларда фаолият кўрсатмоқда. Мижозлар ўзларига қулай бўлган офисга мурожаат қилиб, шахсий эҳтиёжлар ёки бизнесни ривожлантириш учун молиявий хизматлардан фойдаланишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал "TAYYAB FINANCE MIKROMOLIYA TASHKILOTI" акциядорлик жамияти биринчилардан бўлиб микромолия банкига трансформация бўлиш учун Марказий банкдан дастлабки рухсатнома олган эди.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг февраль ойида қабул қилинган ЎРҚ-1026-сонли қонун билан Ўзбекистонда микромолия банкларини ташкил этишга рухсат берилган эди.
"Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонунга кўра микромолия банки — бу айрим чекловларни инобатга олган ҳолда банк фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс бўлиб, микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари занжирини боғловчи бўғин ҳисобланади. Ушбу банк устав капиталининг энг кам миқдори 50 млрд сўмни ташкил этади.
Шунингдек, мазкур қонунга мувофиқ, микромолия ташкилоти — микромолия банки фаолиятига, микромолия банки — банк фаолиятига, банк — микромолия банки фаолиятига ҳамда микромолия банки — микромолия ташкилоти фаолиятигаўз фаолиятини ўзгартириши мумкинлиги кўрсатилган.
