Alif финтех компанияси Ўзбекистонда микромолия банки фаолиятини кўрсатиш учун лицензияга ариза берган. Бу ҳақда компания асосчиларидан бири Зухуршо Раҳматуллаев Альтер Эго дастуридаги чиқишида маълум қилди.
"Биринчи навбатда капиталга қўйилган талаблар камроқ. Бу нисбатан қулайроқ. Биз учун бу компания тараққиётидаги табиий босқич. Кейинчалик қадамма-қадам тўлақонли банкка трансформация қилишимиз мумкин", - деган З.Раҳматуллаев "нима учун айнан микромолия банки очяпсиз" деган саволга жавоб берар экан.
Янги очиладиган банк рақамли форматда фаолият юритади.
Шунингдек, Alif келажакда Марказий Осиёдаги илк рақамли исломий банк бўлишни режалаштираётгани маълум қилинган. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кучга кириши билан Alif исломий банк лицензияси олиш учун ариза беришни муҳокама қилади.
2025 йилнинг сентябрида Alif инвестицияларни жалб қилиб, кичик ва ўрта бизнес учун Ўзбекистонда банк очишга ҳаракат қилаётганини маълум қилган эди. Мазкур банк янги технологиялар, AI, рақамли тўловлар ва булутли платформалар, тадбиркорлар учун таълим дастурлари ва акселераторларни ўз ичига олиши билдирилган.
Alif 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, Марказий Осиёдаги етакчи финтех компаниялардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда компания Ўзбекистон, Тожикистон ва Покистонда фаолият юритмоқда. Шунингдек, компания фаолияти учун Саудия Арабистони, Бангладеш, Миср ва Индонезия мамлакатларини ўрганаётгани айтилган. Компаниялар гуруҳда 1400 дан ортиқ ходим турли мамлакатлардаги 4,4 миллион мижозларга хизмат кўрсатмоқда.
Ҳозирда Ўзбекистон бозорида битта - Таянч микромолия банки фаолият юритмоқда. Шунингдек, AGAT CREDIT микромолия ташкилоти ҳам фаолиятини микромолия банки сифатида давом эттиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик.
