Жорий йилнинг 11 февраль куни ЎРҚ-1026-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" Telegam канали хабар берди.
Қонун билан микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари ўртасида уларни боғловчи "занжир"ни шакллантириш, микромолия ташкилотлари учун қўшимча молиявий ресурслар ва депозитлар жалб этиш имконияти яратилади.
Эндиликда банк хизматларини рухсат этилган шартлар асосида кўрсатишга ваколатли бўлган микромолия банки институти жорий этилади.
Шунингдек, қонун билан микромолия ташкилотларини микромолия банкларига ва микромолия банкларини тижорат банкларига ҳамда аксинча трансформация қилиш учун ҳуқуқий асос яратилмоқда.
“Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, қуйидаги кредит ташкилотлари ўз фаолиятини ўзгартириши мумкин, хусусан:
- микромолия ташкилоти – микромолия банки фаолиятига;
- микромолия банки – банк фаолиятига;
- банк – микромолия банки фаолиятига;
- микромолия банки – микромолия ташкилоти фаолиятига.
Бундан ташқари “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, микромолия банки фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия Марказий банк томонидан берилиши белгиланди.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 8 август куни Олий Мажлис қуйи палатасида микромолиялаштириш соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган эди.
Ўтган йили Марказий банк Департамент директори Санжар Носиров Ўзбекистонда фаолиятига рухсат берилиши кўзда тутилаётган микромолия банклари тегишли чекловлар билан ишлашини маълум қилган эди. Хусусан, ушбу банклар бир фуқародан 200 млн сўмдан ошмаган миқдорда омонат қабул қилиши, бир қарздор ёки ўзаро қарздорлар гуруҳига кўпи билан 5 млрд сўм кредит бера олиши мумкинлиги ҳақида гапирган.