Марказий банк томонидан 2026 йил 1 январь ҳолатига микромолия ташкилотларидаги кредитлар қолдиғи ва улардаги муаммоли кредитлар улуши бўйича маълумот эълон қилинди. Унга кўра, микромолия ташкилотлари томонидан ажратилган кредитлар қолдиғи ўтган йилга нисбатан 3,3 трлн сўмга ошиб, 10 трлн 838 млн сўмга (+43,6 фоиз) етган.
Микромолия бозоридаги топ-3 ўйинчи — Tezcoin (3,46 трлн сўм), Шаффоф-молия (1,86 трлн сўм), Фортуна бизнес (1,02 трлн сўм) ҳиссасига бозордаги кредитларнинг 58,5 фоизи тўғри келмоқда.
Tezcoin микромолия ташкилотининг кредит қолдиғи 2025 йил давомида 3 баравар ўсиб, 2024 йилги 842,6 млрд сўмдан 2025 йили 3,46 трлн сўмга етган. 2,62 трлн сўмлик ўсиш бутун бозор ўсишининг қарийб 80 %ини таъминлаб берган. 2025 йилда Tezcoin'да муаммоли кредитлар ҳам пайдо бўлган — 77,5 млрд сўм. Муаммоли кредитлар миқдори бўйича ҳам Tezcoin бозорда етакчи.
Қайд этиш керакки, 2025 йилда микромолия ташкилотлари сони 100 тадан 132 тага кўпайган. Йил якунида уларнинг 115 тасида кредит қолдиғи бўлган.
Муаммоли кредитлар
Микромолия ташкилотларидаги муаммоли кредитлар миқдори 263,5 млрд сўмни ташкил этди. Жами кредитлар қолдиғидаги NPL улуши ўзгармади – 2,4 фоиз.
NPL улуши бўйича энг катта кўрсаткич “EFFECTIVE MONEY” ташкилотига тегишли бўлиб, ташкилот томонидан ажратилган 600 млн сўмнинг 100 фоиз муаммоли кредит сифатида қайд этилган. Шунингдек “KREDITOMAT TASHKENT” (79,2 фоиз), “TASHDI” (61,8 фоиз), “SARMISHSOY PLYUS INVEST” (44 фоиз) ташкилотларида NPL улуши нисбатан юқори.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон банклардаги жами муаммоли кредитлар 2025 йилда 3 трлн 130 млрд сўмга камайиб, 18,1 трлн сўмни ташкил қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Манба: Марказий банк
