Шерзод Хаджизадаев Мадад Инвест банк Кузатув кенгаши раиси этиб сайланди

Шерзод Хаджизадаев Мадад Инвест банк Кузатув кенгаши раиси этиб сайланди

Фото: Кун.уз

"Мадад Инвест банк" АТБ акциядорларининг жорий йил 15 февраль куни бўлиб ўтган умумий йиғилиши қарорига кўра, Шерзод Рафатович Хаджизадаев банк Кузатув кенгаши раиси этиб сайланган. Бу ҳақда Bankers.uz манбалари хабар бермоқда. Шунингдек, мазкур йиғилишда банк бош офисини Фарғона шаҳридан Тошкент шаҳрига кўчиришга ҳам қарор қилинган.

Мадад Инвест банк 2016 йил Фарғона шаҳрида иш бошлаган, хусусий банк ҳисобланади. Жорий йил бошига банк капитали 200 млрд сўмни, кредит қўйилмалари эса қарийб 292 млрд сўмни ташкил қилган.

Шерзод Хаджизадаев (1973 й.т.) 1996 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2001 йилда эса Банк-молия академиясини тамомлаган. Банк тизимидаги фаолиятини 1996 йилда Миллий банкда мутахассис лавозимидан бошлаб, кейинчалик бошқарма бошлиғи даражасигача кўтарилган. 2001-2006 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, кейинчалик банкнинг Мирзо Улуғбек филиали бошқарувчиси ўринбосари ва бошқарувчиси лавозимларида ишлаган. 2006-2008 йилларда Давлат акциядорлик тижорат “Асака” банки бошқаруви раисининг ўринбосари лавозимида ишлаган, 2008-2010 йилларда Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бош бошқармасига раҳбарлик қилган. 2010 йилдан 2017 йилгача “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки бошқаруви раиси сифатида фаолият юритган.

2017-2018 йилларда Марказий банк раисининг ўринбосари, 2018-2019 йилларда эса Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Ш.Хаджизадаев 2019 йилдан 2023 йил январь ойигача яна Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойи бошида Марказий банк Тошкент шаҳар Бош бошқармаси бошлиғи лавозимига Даврон Исматов тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.


×