«APEX BANK» АЖ кузатув кенгаши 2026 йил 12 ноябрда Акмал Шухратович Мансуровни банк бошқаруви раисининг ўринбосари этиб тайинлади. Бу ҳақдаги муҳим факт корпоратив ахборот ягона порталида 16 ноябрь куни эълон қилинди. Амалдаги тартибга кўра, номзод лавозимга киришишидан олдин Марказий банк билан келишилади.
Ўзгаришдан сўнг APEX BANK бошқарувига бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Шерзод Маджитов, раис ўринбосарлари Тимур Эмирсалиев ва Акмал Мансуров ҳамда бош бухгалтер Ирина Хан киради. Банк бошқарув органлари таркиби 26 ноябрда бўладиган навбатдан ташқари акциядорлар йиғилишида ҳам кўриб чиқилади.
Акмал Мансуров 1982 йилда туғилган. 2003 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг «Сув хўжалиги ва мелиорация» йўналиши бўйича бакалавриатини, 2005 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг «Давлат молиясини бошқариш» мутахассислиги бўйича магистратурасини тамомлаган.
Банк тизимидаги фаолиятини 2003 йилда Ўзсаноатқурилишбанкда бошлаган. 2018 йилгача шу банкнинг Тошкент шаҳар минтақавий филиалида бухгалтерия, кредитлаш ва корпоратив мижозлар билан ишлаш йўналишларида, кейинчалик Мирзо Улуғбек филиали бошқарувчиси ўринбосари ва бошқарувчиси, Тошкент шаҳар минтақавий филиали бошлиғи ўринбосари ва биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2018–2020 йилларда «ART WOOD GROUP» МЧЖ ва «ALMUS COMPANIES» МЧЖда молиявий директор бўлган.
2020 йил июнидан А.Мансуров Asia Alliance Bank'да амалиёт бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган, 2024 йил февралда эса банк бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланган. Бу лавозимда у банкнинг кредит сиёсати, чакана бизнес ва валюта амалиётларига масъул бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 6 ноябрда APEX BANK бошқарув раиси Ольга Нуманова ва раис ўринбосари Шароф Икрамовни лавозимини тарк этган, Ш.Икрамов кейинроқ Garant bank бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлангани маълум бўлганди.
