"Garant bank" АЖ кузатув кенгаши 2026 йил 9 ноябрда Шароф Ренатович Икрамовни банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари ва бошқарув аъзоси этиб тайинлади. Бу ҳақдаги муҳим факт корпоратив ахборот ягона порталида 11 ноябрь куни эълон қилинди.
Кузатув кенгаши баённомасига кўра, Ш.Икрамов Марказий банкнинг розилиги олингунга қадар бошқарув раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи сифатида ишлайди ва регулятор розилигидан сўнг лавозимга расман киришади.
Мазкур тайинловдан сўнгг Garant bank бошқаруви 5 кишидан иборат бўлди: бошқарув раиси Кодир Адилов, раиснинг биринчи ўринбосари Шароф Икрамов, раис ўринбосарлари Владислав Лисов ва Ҳамидулла Имамалиев ҳамда бош бухгалтер Фарҳод Раҳманов.
Кеча Ш.Икрамовни APEX BANK бошқаруви раиси ўринбосари лавозимини тарк этгани маълум бўлганди. У APEX BANK'да 2024 йилнинг октябрдан буён раис ўринбосари бўлиб ишлаб келган.
Шароф Икрамов 1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2004 йилда Тошкент молия институтининг бакалавриат, 2007 йилда эса магистратура босқичини тамомлаган. 2004–2021 йилларда Капиталбанкда турли лавозимларда, шу жумладан раҳбарлик лавозимларида ишлаган, 2021–2023 йилларда Uzum Bank (собиқ Bank Apelsin) бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари бўлган. APEX BANK'га ўтишдан олдин ANORBANK кузатув кенгаши раисининг маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, Garant bank бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимида илгари Баҳодир Мирзаев ишлаган. У бу лавозимга 2025 йил ноябрда тайинланган, 2026 йил февралда эса лавозимидан озод қилинган эди. Сентябрь ойида Б.Мирзаев Octobank бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинлангани маълум бўлганди.
