"Асакабанк" АЖ бошқаруви раиси лавозимига Иракли Давидович Элашвили тасдиқланди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Банк маълумотига кўра, И.Элашвили банк-молия соҳасида 20 йилдан ортиқ халқаро иш тажрибасига эга.
И.Элашвили 2002 йилда Тбилиси давлат университетининг бакалавр босқичини, кейинчалик London Business School'нинг магистратура босқичини (Master of Business Administration) тамомлаган. Меҳнат фаолияти давомида Barclays Capital, TBC Capital, FINCA Bank ва Alpha Capital Advisory каби ташкилотларда турли лавозимларда ишлаган, Hamkorbank кузатув кенгаши аъзоси бўлган.
2024 йил декабрь ойида И. Элашвили мазкур банк бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланган эди. Жорий йил сентябрь ойида у лавозимини тарк этгани маълум қилинган эди.
Асакабанкнинг маълум қилишича, янги раис раҳбарлигида банкнинг стратегик ривожланишини таъминлаш, трансформация жараёнларини давом эттириш, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, операцион самарадорликни ошириш, рақамли банк хизматларини ривожлантириш ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга эътибор қаратилади.
Шунингдек, банкнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва хусусийлаштириш жараёнига тайёргарлик кўриш устувор вазифалар қаторида қолади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил февралидан Асакабанк бошқаруви раиси бўлиб ишлаган Қудратилла Туляганов жорий йил февраль ойида Тошкентнинг Олмазор тумани ҳокими этиб тайинланган. Шундан сўнг, 26 февраль куни банк раис лавозимига очиқ танлов эълон қилган эди. Номзодлардан банк-молия соҳасида камида 10 йиллик бошқарув тажрибаси, шундан камида 5 йили бошқарув раиси ёки ўринбосари даражасидаги лавозимларда ишлаган бўлиши, шунингдек трансформация ва хусусийлаштириш жараёнларини бошқара олиш талаб қилинган.
