Асакабанк бошқарув раиси лавозимига танлов эълон қилди

26.02.2026 14:10

957

Асакабанк трансформация ва хусусийлаштириш жараёнларини бошқара оладиган, халқаро тажрибага эга юқори малакали раҳбар қидирмоқда. Номзодлардан камида 10 йиллик бошқарув тажрибаси, стратегик фикрлаш қобилияти ҳамда инглиз ва рус тилларини мукаммал билиш талаб қилинган. Аризалар 2026 йил 10 мартга қадар қабул қилинади.

Фото: Bankers.uz

Ўзбекистоннинг тизимли аҳамиятга эга йирик банкларидан бири — "Асакабанк" АЖ банк бошқаруви раиси (CEO) лавозимига номзодларни танлаб олиш бўйича очиқ танлов эълон қилди.

Банк хабарига кўра, айни пайтда молия муассасаси стратегик трансформация босқичидан ўтмоқда ва хусусийлаштириш жараёнига тайёргарлик кўрмоқда. Шу муносабат билан, банкка ушбу ўзгаришларни бошқара оладиган, стратегик фикрлайдиган ва кучли етакчилик қобилиятига эга раҳбар қидирилмоқда.

Янги раҳбар олдига қўйиладиган асосий вазифалар:

Бошқарув раиси банк Кузатув кенгашига ҳисобдор бўлиб, банкнинг ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш, операцион ва рақамли трансформацияга раҳбарлик қилиш, шунингдек, банкни рақобатбардош бозор шароитида хусусийлаштиришга тайёрлаш каби масъулиятли вазифаларни ўз зиммасига олади.

Бундан ташқари, бошқарув раисидан корпоратив маданиятни ривожлантириш, халқаро инвесторлар ва регуляторлар билан самарали мулоқот ўрнатиш ҳамда банкнинг даромадлилигини ошириш талаб этилади.

Номзодларга қўйиладиган асосий талаблар:

Банк ушбу лавозимга маҳаллий ва халқаро даражадаги малакали мутахассисларни таклиф этмоқда. Номзод қуйидаги мезонларга мос келиши керак:

Таълим: Бизнес бошқаруви, молия ёки иқтисодиёт йўналишида Магистр (MBA) даражаси. CFA, CPA каби халқаро сертификатларнинг мавжудлиги устунлик беради.

Иш тажрибаси: Банк-молия соҳасида камида 10 йиллик бошқарув тажрибаси. Шундан камида 5 йили "C-level" даражасидаги (Бошқарув раиси ёки ўринбосари) лавозимларда бўлиши шарт.

Кўникмалар: Трансформация жараёнлари (хусусан, рақамли трансформация), M&A (қўшиб олиш), муаммоли активларни соғломлаштириш ва инқирозга қарши бошқарув бўйича амалий тажриба.

Тил билиши: Инглиз ва рус тилларини мукаммал билиш талаб этилади. Ўзбек тилини билиш қўшимча устунлик ҳисобланади.

Танлов ғолибига рақобатбардош иш ҳақи, бонуслар ва кенгайтирилган имтиёзлар пакети таклиф этилади. Чет эллик номзодлар учун кўчиб ўтиш (relocation) ва виза билан боғлиқ масалаларда кўмак кўрсатилади.

Ариза топшириш тартиби:

Қизиқиш билдирган номзодлар ўз резюмеси (CV), мотивацион хати ва тавсияномаларни recruitment@asakabank.uz электрон почтасига юборишлари мумкин.

Ҳужжатлар 2026 йил 10 мартга қадар қабул қилинади. Қўшимча маълумот учун телефон: +998 78 147-65-65 (ички: 12-01)

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил февраль ойидан "Асакабанк" АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келган Қудратилла Туляганов яқинда Тошкентнинг Олмазор тумани ҳокими этиб тайинланганди.

Теглар:

#асакабанк#бошқарув_раиси

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган