Click тўққиз ойда қарийб 276 млрд сўм соф фойда олди

02.11.2026 10:47

99

Click 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 275,7 млрд сўм соф фойда олди. Компания тушуми 30,8 фоизга ошган бўлса-да, соф фойда ўтган йилнинг шу давридагидан бироз кам бўлди — бунга фойда солиғи харажатининг кескин ошиши сабаб бўлди.

Фото: Click

«CLICK» АЖ 2026 йил учинчи чорак якунлари бўйича ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, компаниянинг тўққиз ойлик соф фойдаси 275 миллиард 709 миллион сўмни ташкил этди (2025 йилнинг шу даврида – 282 миллиард 566 миллион сўм). Таққослаш учун: Payme ушбу даврад қарийб 316 млрд сўм соф фойда олганди.

Компаниянинг соф тушуми 30,8 фоизга ошиб, 657 миллиард 532 миллион сўмга етди (ўтган йили 502,5 миллиард сўм). Давр харажатлари 50 фоизга ошиб, 345,3 миллиард сўмни ташкил этди. Уларнинг асосий қисми – 289,4 миллиард сўми бошқа операцион харажатларга тўғри келади (ўтган йили 189,1 миллиард сўм). Сотиш харажатлари 47,4 миллиард сўмни (+26,3%), маъмурий харажатлар 8,6 миллиард сўмни (2,4 баробар) ташкил этди.

Натижада харажатлар тушумга нисбатан тезроқ ўсди ва асосий фаолиятдан олинган фойда 14,7 фоизга ошиб, 312,3 миллиард сўмни ташкил этди. Унинг тушумдаги улуши 54,2 фоиздан 47,5 фоизгача пасайган (ҳисоб-китоб - таҳр.).

Молиявий фаолиятдан 14,9 миллиард сўм даромад олинган (+6,5%), шундан 14,7 миллиард сўми фоиз даромадларидир. Молиявий харажатлар эса 2,9 миллиард сўмдан 2,2 миллиард сўмгача камайган, уларнинг 1,7 миллиард сўми молиявий ижара бўйича фоизлардир. Солиқ тўлангунга қадар фойда 14,6 фоизга ошиб, 324 миллиард 954 миллион сўмга етди.

Бироқ фойда солиғи харажати ўтган йилги 0,9 миллиард сўмдан 49,2 миллиард сўмгача, яъни 54,8 баробар ошди. Аввал ёзганимиздек, бунга Click'нинг 2026 йил 1 апрелдан IT Park резиденти мақомини йўқотгани ва стандарт 15 фоизлик ставка бўйича солиқ тўлай бошлагани сабаб бўлди.

Эътиборли жиҳати, ярим йиллик ва тўққиз ойлик ҳисоботлар асосида ҳисобланганда, учинчи чоракнинг ўзида Click тахминан 219,9 миллиард сўм тушум (ўтган йилнинг шу чорагида – 149,1 миллиард сўм) ва 125,7 миллиард сўм соф фойда (127,9 миллиард сўм) олган.

Компания активлари йил бошидагига нисбатан 13,3 фоизга ошиб, 721,4 миллиард сўмга етди. Устав капитали 20 миллиард сўмлигича қолган, захира капитали 0,8 миллиард сўмдан 33,8 миллиард сўмгача кўпайган. Тақсимланмаган фойда 22,4 фоизга ошиб, 416,6 миллиард сўмга етди. Йил бошидаги қолдиқ ва тўққиз ойлик фойда ҳисобга олинганда, шу даврда тақсимланмаган фойданинг 199,6 миллиард сўми ишлатилган, шундан 33 миллиард сўми захира капиталига йўналтирилган.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистоннинг Halyk Bank'и Click'нинг 49 фоиз акцияларини 176,4 млн долларга сотиб олиши, Click эса банкнинг Ўзбекистондаги шўъба банки – Tenge Bank'нинг 49 фоиз акцияларини 60,76 млн долларга харид қилиши ҳақида келишув имзоланган эди. Halyk Bank Қозоғистон регуляторининг розилигини олган бўлса-да, Ўзбекистон регуляторларининг рухсати олинмагани сабабли битим якунланмаган.

Теглар:

#click#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган