Click тушуми ошди, бироқ соф фойдаси камайди

31.07.2026 17:53

46

"CLICK" АЖ биринчи ярим йилликни 150 млрд сўм (ўтган йилга нисбатан 3% кам) соф фойда билан якунлади. Жамиятнинг тушуми 23,8 фоизга ошган, бироқ солиқ имтиёзининг тугаши ҳамда бошқа операцион харажатларнинг 3,5 бараварга кўпайиши соф фойдага салбий таъсир қилган.

Фото: Click

"CLICK" акциядорлик жамияти 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботга кўра, ўтган ярим йилда компаниянинг соф тушуми 437,6 млрд сўмни ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 353,4 млрд сўмга тенг эди, яъни ўсиш 23,8 фоизни (+84,1 млрд сўм) ташкил қилган. Сотилган хизматларнинг таннархи 26,2 млрд сўмдан 30,8 млрд сўмга ошган (+17,5%). Натижада ялпи фойда 327,2 млрд сўмдан 406,8 млрд сўмга етган (+24,3%).

Давр харажатлари эса тушумдан анча тез — 40,9 фоизга ошиб, 180,6 млрд сўмдан 254,4 млрд сўмга етган.

Харажатлар таркибида сотиш харажатлари 104,2 млрд сўмдан 86,8 млрд сўмга (-16,7%), маъмурий харажатлар 37,8 млрд сўмдан 32,7 млрд сўмга (-13,5%) камайган. Шу билан бирга, бошқа операцион харажатлар 38,7 млрд сўмдан 134,9 млрд сўмга — 3,5 бараварга кўпайган.

Натижада асосий фаолиятдан фойда 146,6 млрд сўмдан 152,4 млрд сўмга — атиги 3,9 фоизга ошган, бу тушум ўсишидан олти баравар секинроқ. Асосий фаолият рентабеллиги 41,5 фоиздан 34,8 фоизга тушган.

Ярим йилда фойда солиғи харажати 13,7 млрд сўмни ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич атиги 0,59 млрд сўм эди, яъни солиқ юки 23,4 бараварга ошган. Самарали ставка 0,4 фоиздан 8,4 фоизга кўтарилган.

Бу ўзгариш 2026 йил 1 апрелдан тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторларининг Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентлигидан чиқарилиши билан боғлиқ. Ўтган йили ҳам, жорий йилнинг I чорагида ҳам жамият имтиёзли режимда фаолият юритган, иккинчи чоракдан эса стандарт 15 фоизлик ставка тўловчисига айланган.

Бошқача айтганда, солиққа тортилгунга қадар фойда 5,4 фоизга ошган бўлса-да, соф фойда 154,7 млрд сўмдан 150,0 млрд сўмга — 3,0 фоизга камайди. Балансда ҳам бу акс этган: бюджетга тўловлар бўйича қарз йил бошидаги 1,0 млрд сўмдан 30 июнга келиб 14,9 млрд сўмга чиққан.

Шу омил тўлов бозоридаги бошқа йирик иштирокчиларга ҳам таъсир кўрсатган.

Биринчи ярим йиллик якунига кўра, жамиятнинг жами активлари 541,1 млрд сўмни ташкил этган, бу — йил бошидаги 503,7 млрд сўмга нисбатан 7,4 фоиз кўп. Хусусий капитал 259,8 млрд сўмдан 315,2 млрд сўмга етган (+21,3%). Устав капитали 20,0 млрд сўм даражасида ўзгармаган, захира капитали эса 5,1 млрд сўмдан 36,6 млрд сўмга — 7,2 бараварга оширилган. Тақсимланмаган фойда 234,7 млрд сўмдан 258,6 млрд сўмга кўтарилган (+10,2%).

Ўтган даврда 150,0 млрд сўм соф фойда олингани ҳисобга олинса, балансдаги ўзгаришлар қарийб 126,1 млрд сўм тақсимланганидан далолат беради. Шундан 31,5 млрд сўми захира капиталига йўналтирилган, қолгани дивидендларга тегишли бўлиши мумкин. Таъсисчиларга бўлган қарз йил бошидаги рамзий 1,15 млн сўмдан 10,0 млрд сўмга чиққан.


Теглар:

#click#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган