Payme қарийб 316 млрд сўм соф фойда кўрди

28.10.2026 17:48

65

«Payme» АЖ 2026 йил тўққиз ойлик якунига кўра 315,5 млрд сўм соф фойда олди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткич (288 млрд сўм)дан 10 фоизга кўп.

Фото: Payme / ChatGPT

«Payme» АЖ эълон қилган 9 ойлик ҳисоботга кўра, компаниянинг маҳсулот ва хизматларни сотишдан соф тушуми 791,6 млрд сўмни ташкил қилган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 534,2 млрд сўм бўлган (+48,2%).

Инфографика: Bankers.uz

Сотилган маҳсулот ва хизматлар таннархи 141,5 млрд сўмдан 268,6 млрд сўмга ошган. Ялпи фойда 392,7 млрд сўмдан 523,0 млрд сўмга (+33,2%) кўтарилган. Давр харажатлари 131,9 млрд сўмдан 174,3 млрд сўмга етган. Хусусан, сотиш харажатлари 48,9 млрд сўмдан 91,0 млрд сўмга, бошқа операцион харажатлар 29,5 млрд сўмдан 49,9 млрд сўмга ўсган, маъмурий харажатлар эса 53,5 млрд сўмдан 33,5 млрд сўмга камайган.

Асосий фаолиятдан фойда 260,8 млрд сўмдан 348,7 млрд сўмга ошган. Молиявий фаолиятдан даромадлар 32,0 млрд сўмдан 18,7 млрд сўмга камайган, молиявий харажатлар эса 0,4 млрд сўмдан 11,3 млрд сўмга кўпайган (шундан 11,1 млрд сўми фоизлар шаклидаги харажатлар). Фойда солиғигача фойда 356,1 млрд сўмни ташкил қилган, фойда солиғи эса 4,8 млрд сўмдан 40,5 млрд сўмга ошган. Натижада соф фойда 287,6 млрд сўмдан 315,5 млрд сўмга (+9,7%) ўсган.

Жами активлар йил бошидаги 1 020,6 млрд сўмдан 504,0 млрд сўмга (-50,6%) камайган. Пул маблағлари 636,9 млрд сўмдан 169,7 млрд сўмга тушган, йил бошида 250 млрд сўмни ташкил қилган қисқа муддатли банк кредитлари эса ҳисобот даври охирида қайд этилмаган. Хусусий капитал 740,7 млрд сўмдан 388,9 млрд сўмгача қисқарган, жумладан тақсимланмаган фойда 716,7 млрд сўмдан 365,0 млрд сўмга тушган. Устав капитали 20 млрд сўмлигича сақланган.

Эслатиб ўтамиз, Paynet тўққиз ойда 780 млрд сўмдан ортиқ соф фойда олганлиги маълум бўлган эди.

Теглар:

#payme#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган