Қаҳрамонжон Олимов Интерпол сайтидаги қидирув рўйхатидан олиб ташланди

14.10.2026 13:29

609

ANORBANK акциядорларидан бири Қаҳрамонжон Олимов Интерпол сайтидаги халқаро қидирувдаги шахслар очиқ рўйхатидан олиб ташланди. Аввалроқ, ANORBANK акциядор билан боғлиқ воқеалар банк фаолиятига таъсир қилмаслигини билдирган бўлса-да, тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди. Банкнинг 9 ойлик якунлари бўйича кўрсаткичлари унинг нормал фаолият олиб бораётганини кўрсатмоқда.

Фото: Yandex

"ANORBANK" АЖ акциядорларидан бири Қаҳрамонжон Олимов Интерпол сайтидаги халқаро қидирувдаги шахсларнинг очиқ рўйхатидан олиб ташланди. Унга нисбатан «қизил билдиришнома» (Red Notice) эълон қилингани 24 сентябрда маълум бўлган эди.

Воқеалар қандай ривожланди

Банк атрофидаги вазият сентябрь ўрталарида кескинлаша бошлади. Fitch Ratings 14 сентябрь куни ANORBANK'нинг узоқ муддатли рейтингларини «B-»дан «CCC+»гача пасайтирди. Агентлик буни банкнинг МҲХС бўйича асосий капитали кескин қисқаргани билан изоҳлаган: Банк эса рейтинг пасайишини асосан агентлик методологияси — номоддий активлар, жумладан харид қилинган дастурий таъминот қийматининг капиталдан чегирилиши билан изоҳлади.

Орадан тўрт кун ўтиб, The Insider нашри Олимов Ўзбекистонда сиртдан ҳибсга олингани ва одам ўғирлашни уюштиришда айбланаётгани ҳақида хабар тарқатди. ANORBANK ўша куниёқ гап акциядорнинг шахсий масаласи ҳақида бораётгани, бу банк капитали, бошқаруви ва фаолиятига алоқадор эмаслигини билдирди.

Хабар дам олиш кунлари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалгач, 21 сентябрда Марказий банк ҳам муносабат билдириб, вазият банкнинг кундалик фаолияти ва молиявий барқарорлигини бевосита белгиламаслигини маълум қилди.

24 сентябрь куни Қ.Олимовга нисбатан эълон қилинган Red Notice Интерпол сайтида пайдо бўлди. Очиқ карточкада айблов моддаси ҳам, сўров юборган давлат ҳам кўрсатилмаган эди.

Октябрь бошида банк акциядорга боғлиқликни камайтиришга қаратилган қадамлар қўйди. 2 октябрда Қ.Олимов Кузатув кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берди — бу масала 28 октябрда бўладиган акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишида кўриб чиқилади. 5 октябрда эса акциядорлар 100 миллиард сўмлик қўшимча акция чиқаришни тасдиқлади, бу орқали устав капитали 850 миллиард сўмдан 950 миллиард сўмга етиши керак. Банк шу тариқа капиталлаштириш режасининг бажарилиши энди алоҳида акциядорга боғлиқ бўлмаслигини қайд этди.

9 ойлик натижалар

Банкнинг III чорак ҳисоботига кўра, ANORBANK йил бошидан буён 104 миллиард 507 миллион сўм соф фойда олган. Ярим йиллик якунларда бу кўрсаткич 79 миллиард 224 миллион сўм бўлган, яъни III чоракнинг ўзида қарийб 25,3 миллиард сўм (таҳр.) фойда қайд этилган.

1 октябрь ҳолатига банк активлари 20,32 триллион сўмни (чорак бошида — 18,74 триллион сўм), ялпи кредитлар — 13,08 триллион сўмни, ўз капитали — 1,51 триллион сўмни, мижозлар депозитлари 15,23 триллион сўмни ташкил қилган.

Эслатиб ўтамиз, банк атрофидаги тасдиқланмаган хабарлар нимаси билан хавфли эканлиги ҳақида аввалроқ ёзган эдик.

Теглар:

#anorbank#олимов

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган