"ANORBANK" АЖ акциядорлари 5 октябрда бўлиб ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилишида банк капиталлишувини ошириш мақсадида, 100 миллиард сўмлик қўшимча акция чиқариш тўғрисидаги қарорни тасдиқлади. Банк мазкур қарорни сентябрь ойи бошида халқаро рейтингни пасайишига сабаб бўлган омилларни бартараф этиш чораси сифатида қайд этган. Ҳозирда банк қўшимча эмиссия ва капитални амалда ошириш учун қонунчилик ва корпоратив тартиб-таомилларда назарда тутилган босқичлардан ўтмоқда.
Қўшимча акциялар сони, жойлаштириш нархи ва усули ҳозирча ошкор қилинмаган. Маълумотларга кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига банкнинг устав капитали 850 миллиард сўмни ташкил этган.
Халқаро рейтинг агентлиги Fitch Ratings 14 сентябрда ANORBANK'нинг узоқ муддатли рейтингларини «B-»дан «CCC+»гача пасайтирган эди. Агентлик буни банкнинг Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари (МҲХС) бўйича асосий капитали кескин қисқаргани билан изоҳлаган: Fitch асосий капитали (FCC) кўрсаткичи 2024 йил охиридаги 4,3 фоиздан 2025 йил охирида 0,9 фоизга тушган, регулятив биринчи даражали капитал етарлилиги эса 10 фоизлик минимал талабдан бироз юқори — 10,4 фоиз бўлган.
Fitch агентлиги маълумотига кўра, банк Кузатув кенгаши капитални тиклаш режасини маъқуллаган. Режа акциядорлар томонидан 100 миллиард сўм оддий капитал киритилиши ва номоддий активларни сотишни ўз ичига олади. Агентлик режа бажарилса, FCC 2026 йил охирига бориб қарийб 5 фоизга етишини кутмоқда.
Банк эса пасайишни асосан агентлик методологияси билан изоҳлаган эди: Fitch капиталдан номоддий активлар, жумладан банк мулк сифатида харид қилган дастурий таъминот қийматини чегириб ташлайди. Унинг маълумотига кўра, регулятор белгилаган капитал етарлилиги меъёрлари бажарилмоқда.
Шунингдек, ANORBANK 2 октябрь куни Қаҳрамонжон Олимов банк кузатув кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берганини маълум қилган. Масала 28 октябрда бўладиган акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишида кўриб чиқилади: кун тартибига кенгаш аъзосининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ва янги аъзо сайлаш масалалари киритилган. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Қ.Олимов банк акцияларининг 49,4 фоизига эгалик қилади, 50 фоизи Bekamin B.V.'га, 0,6 фоизи «Kapital Sug‘urta» АЖга тегишли.

Манба: stat.uz
Эслатиб ўтамиз, ANORBANK 18 сентябрда акциядорлардан бири ҳақида тарқалган хабарлар банк фаолияти, капитали ва бошқарувига алоқаси бўлмаган шахсий масалаларга тегишли эканини билдирганди. Кейинчалик Марказий банк мазкур вазият ANORBANK'нинг жорий фаолияти ва молиявий барқарорлигига бевосита таъсир қилмаслигини маълум қилган ва банк кўрсаткичлари амалдаги талаблар доирасида эканлигини билдирганди.
