Банк — иқтисодиётдаги камдан-кам институтлардан бири, унинг аҳволи фақат баланс рақамлари билан эмас, мижозларнинг ишончи билан ҳам белгиланади. Шу боис банк ҳақидаги тасдиқланмаган бир жумла баъзан чораклик молиявий ҳисоботдан кўра тезроқ тарқалади ва кучлироқ таъсир қилади. Ўтган ҳафта ANORBANK атрофида юз берган воқеалар — халқаро агентлик рейтингининг пасайиши, акциядор ҳақидаги хабар ва Марказий банкнинг ижтимоий тармоқдаги аралашуви — бунинг яққол мисоли бўлди.
Тўрт кунда нималар содир бўлди
17 сентябрь. Fitch Ratings ANORBANK'нинг узоқ муддатли эмитент дефолт рейтингини «B-» даражасидан «CCC+» даражасига туширди. Банк ўша куниёқ изоҳ берди: бу ҳолат банк фаолияти учун алоҳида хавф-хатарни туғдирмайди, шунчаки агентлик ўз методологиясида асосий капиталдан номоддий активлар, жумладан сотиб олинган дастурий таъминот қийматини чегириб ташлаган, рақамли банк эса дастлабки тўрт йилда скоринг тизимлари, CRM, кредит конвейери каби ечимларни ижара эмас, мулк сифатида харид қилган. Бунинг натижасига рейтинг агентлиги ҳисоб-китобларида банк капиталлашуви камайган деб хулоса қилинган. ANORBANK маълумотига кўра, регулятор белгилаган капитал етарлилиги меъёрлари бажарилган.
18 сентябрь. Аноним маълумотларга асосланиб хабарлар бериб турувчи The Insider нашри банк акциядорларидан бири, молиячи Қаҳрамонжон Олимов Ўзбекистонда халқаро қидирувга берилгани ва одам ўғирлашни уюштиришда айбланаётгани ҳақида хабар тарқатди. Нашрнинг ўзи ҳам иш юзасидан расмий органлардан маълумот йўқлигини қайд этган.
Ўша куни ANORBANK расмий баёнот эълон қилди. Унда гап банк фаолияти, капитали ва бошқарувига алоқадор бўлмаган, акциядорнинг шахсий масаласи ҳақида бораётгани, банкка бу юзасидан ҳеч қандай расмий сўров ёки тасдиқ келиб тушмагани, барча операциялар одатдаги тартибда давом этаётгани қайд этилган.
19–21 сентябрь. Хабар дам олиш кунлари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Бу борада банкдан ташқари бошқа расмий манбаларнинг хабарлари бўлмагани учун бўшлиқни изоҳлар, скриншотлар ва тахминлар тўлдирди. Хусусан, айрим фойдаланувчилар банкдан зудлик билан омонатларни олиш кераклиги ҳақидаги хавотирларини билдира бошладилар.
21 сентябрь. Иқтисодчи Отабек Бакиров X ижтимоий тармоғида тизим барқарорлиги ва омонатчилар манфаатларига зиён етказиши мумкин бўлган ахборий ҳужумлар пайтида регуляторнинг (Марказий банкнинг - таҳр.) овози жуда муҳим аҳамиятга эгалиги ҳақида ёзди. Марказий банк ушбу постни ретвит қилиб, ANORBANK'нинг алоҳида акциядори билан боғлиқ ҳолат банкнинг кундалик операцион фаолияти ва молиявий барқарорлигини бевосита белгиламаслигини маълум қилди ҳамда банкка доир рақамларни илова қилди.
2026 йил 1 сентябрь ҳолатига ANORBANK активлари 21,4 трлн сўмни, мажбуриятлари 19,8 трлн сўмни ташкил этган. Юқори ликвидли активларнинг жами активлардаги улуши — 16,9 фоиз (минимал талаб — 10 фоиз), ликвидликни қоплаш меъёри (LCR) — 116 фоиз, соф барқарор молиялаштириш меъёри (NSFR) — 128 фоиз (ҳар иккисида минимал талаб — 100 фоиз), регулятив капитал монандлиги коэффициенти — 13 фоиз (минимал талаб — 12 фоиз) - Марказий банк маълумоти.
Нега банк миш-мишларга осон «ёнади»
Банкнинг бизнес-модели бир нарсага — ишончга қурилган. Омонатчи пулини истаган кунда талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга, банк эса ўша пулни йиллар муддатли кредитларга жойлаштиради. Бу — банк ишининг табиий ҳолати ва бирор-бир банк омонатларнинг 100 фоизини бир кунда нақд қайтаришга мўлжалланмаган.
Айнан шунинг учун банк ҳақидаги ҳар қандай хабар — асосли ёки асоссиз бўлишидан қатъи назар — иқтисодий эмас, психологик механизмни ишга туширади. Омонатчи учун саволнинг мазмуни «банк тўлов қобилиятига эгами?» эмас, «бошқалар пулини олиб кетяптими?» бўлиб қолади. Агар кўпчилик «ҳа» деб ўйласа, ҳамманинг бир вақтда пул талаб қилиши банкни ҳақиқатан ҳам қийин аҳволга солади. Бошқача айтганда, миш-миш ўзини ўзи амалга оширувчи башоратга айланади.
Рақамли банк учун бу таъсир янада тезроқ намоён бўлади: мижоз навбатга туриши, филиалга бориши шарт эмас — пул мобил иловада бир неча сониядаёқ бошқа банкка кўчади. Ижтимоий тармоқ хабарининг тарқалиш тезлиги эса банк ликвидлик захирасини қайта тиклаш тезлигидан ҳар доим юқори.
Шу ўринда иккита тушунчани фарқлаш керак. Тўлов қобилияти — активлар мажбуриятлардан ортиқми, деган савол. Ликвидлик — ўша активларни айнан бугун, зарар кўрмасдан пулга айлантириш мумкинми, деган савол. Тарихда банклар одатда биринчисидан эмас, иккинчисидан қулаган: балансида етарли актив бўла туриб, уларни бир кунда сотиб улгурмаган.
LCR ва NSFR меъёрлари айнан шу учун жорий этилган. Биринчиси банкда кескин пул оқими шароитида 30 кунга етадиган юқори ликвидли актив борлигини, иккинчиси узоқ муддатли активлар барқарор манбалар ҳисобидан молиялаштирилганини кўрсатади. ANORBANK бўйича Марказий банк келтирган 116 ва 128 фоизлик кўрсаткичлар банкнинг бу заҳирага эга эканини англатади.
Марказий банкнинг ўрни
Бундай вазиятда регуляторнинг биринчи ва энг арзон воситаси — ахборот. Рақамни эълон қилиш банкка ҳам, бюджетга (Марказий банкка) ҳам алоҳида харажат олиб келмайди, лекин ваҳима бошланиб кетганидан кейин кўриладиган чоралар анча қимматга тушади. Шунинг учун Марказий банкнинг ўз вақтида, аниқ кўрсаткичлар билан берган изоҳи ҳар қандай пресс-релиздан кучлироқ ишлайди: у баҳо эмас, текширилиши мумкин бўлган факт таклиф қилади.
Иккинчи восита — пруденциал назорат. Ликвидлик ва капитал меъёрлари кундалик тартибда кузатиб борилади, бу эса регуляторга муаммони омонатчидан анча олдин кўриш имконини беради.
Учинчиси — ликвидлик билан таъминлаш механизмлари: овернайт кредитлар, репо операциялари ва сўнгги инстанция кредитори сифатидаги функция. Бу воситалар айнан вақтинчалик ликвидлик танқислиги тўлов қобилияти инқирозига айланиб кетмаслиги учун мавжуд.
Тўртинчиси — омонатларни кафолатлаш тизими. 2025 йил 19 февралдан кучга кирган «Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида»ги қонунга кўра, бир банкдаги бир омонатчининг маблағи 200 миллион сўмгача кафолатланади. Бу механизм амалда синовдан ҳам ўтган: Марказий банк 2026 йил январида «Yangi bank» лицензиясини бекор қилганида 32 526 омонатчидан 32 153 нафари (тахминан 98,9 фоизи — таҳр.) маблағини тўлиқ қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлган.
Айни пайтда регуляторнинг сўзи чекланган ресурс: у фақат мунтазам, рақамга таянган ва изчил бўлгандагина ишлайди. Расмий изоҳ кечикса, бўшлиқни анонимларнинг версияси тўлдиради — ва кейинчалик тарқатиладиган ҳар қандай ҳақиқий рақам аллақачон шаклланган тасаввур билан курашишга тўғри келади.
Исмоил Туропов тайёрлади
