Davr Bank акциядорларининг 9 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилишида 10 та масала кўриб чиқилди. Қабул қилинган қарорлар ҳақидаги маълумот корпоратив ахборот ягона порталида 13 октябрь куни эълон қилинган. Мазкур йиғилиш ABB банкнинг назорат пакетини сотиб олиши якунланганидан сўнг, янги акциядорлар қатнашган биринчи йиғилишдир.
Кузатув кенгаши тўлиқ янгиланди
Акциядорлар кузатув кенгашининг амалдаги таркиби ваколатларини муддатидан илгари тугатди. Кенгашдан банк таъсисчиси ва кенгаш раиси Лутфулла Убаев, шунингдек Миркодир Мирзаятов, Атҳам Алимов, Озода Абдураҳмонова ва Шавкат Ғиёсов чиқарилди.
Янги кенгаш 3 йил муддатга, ваколатлари ҳар йили тасдиқлаб борилиши шарти билан сайланди. Унинг таркибига ABB бошқаруви раисининг ўринбосарлари Талеҳ Таҳирли ва Агшин Амиров, мустақил аъзолар сифатида эса Шафаг Ҳасанова, Саид Абдунабиев ва Фарҳод Розиев киритилди. Кенгаш раиси биринчи мажлисда аъзолар орасидан сайланади.
Л.Убаев бундан буён кенгаш мажлисларида овоз бериш ҳуқуқисиз кузатувчи сифатида қатнашади. Бошқарув унга кун тартиби, материаллар ва баённомаларни кенгаш аъзолари билан бир вақтда юбориб бориши лозим. Аффилланган шахслар рўйхатига кўра, Л.Убаев банкнинг қарийб 25,5 фоизлик улушига эгалик қилади, ABB'га эса 51 фоизлик улуш тегишли. Сотув битимигача Л.Убаевга банк акцияларининг 46,9 фоизи тегишли бўлган.
Мустақил кенгаш аъзоларига лавозимга киришган кундан бошлаб ойига жами 180 млн сўм ҳақ ва тасдиқланган харажатлари учун компенсация тўланади.
Бошқарувга ABB вакиллари қўшилди
Бошқарув таркибидан раис ўринбосари Равшан Тожиев ва раис ўринбосари вазифасини бажарувчи Алишер Қурбонов чиқарилди. Уларнинг ўрнига ABB бош директори Айнур Сулейманли ва ABB бошқаруви раиси маслаҳатчиси Гейбат Гадиров раис ўринбосари этиб тайинланди.
Бошқарув 3 йил муддатга қуйидаги таркибда тасдиқланди: раис Абдумажид Самадов, раис ўринбосарлари Айнур Сулейманли, Гейбат Гадиров ва Самаржон Назаров. Эълон қилинган янги таркибда риск-менежмент департаменти директори Нодир Халилов ҳам бор. Бундан кейинги ўзгаришлар кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.
Ваколатлари тугатилган кенгаш ва бошқарув аъзолари янги номзодлар Марказий банк билан келишилиб, лавозимга киришгунга қадар вазифасини бажаришда давом этади.
Банк номи ва бренди ўзгаради
Акциядорлар банкнинг фирма номини «ABB Davr Bank» акциядорлик жамиятига ўзгартиришни маъқуллади. Янги ном устав давлат рўйхатидан ўтказилган кундан қўлланилади. Банк фаолиятида «ABB Davr» тижорат белгиси ишлатилади, бошқарув уни товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказишни таъминлайди. «ABB» элементидан фойдаланганлик учун Озарбайжон Халқаро банки ёки унинг аффилланган шахсларига ҳақ тўланмайди.
Шу муносабат билан банк уставининг янги таҳрири тасдиқланди. Мазмунга таъсир қилмайдиган техник ва таҳририй эътирозларни бошқарув ўзи бартараф этади, муҳим қоидаларга тегишли эътирозлар эса акциядорлар йиғилишида қайта кўрилади.
Аудит ва дивиденд сиёсати
Йиғилишда дивиденд сиёсати тўғрисидаги низом, акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши тўғрисидаги низомларнинг янги таҳрири тасдиқланди. Бошқарув тўғрисидаги низомни янги таҳрирда тасдиқлаш кузатув кенгашига тавсия этилди.
Банкда тафтиш комиссияси ташкил этилади, унинг низомини кузатув кенгаши тайёрлайди. Бундан ташқари, ABB ички аудит офисига Davr Bank фаолиятини режали ва режадан ташқари текшириш ҳамда банкнинг ички аудит хизматига методологик кўмак бериш ҳуқуқи берилди. Бу банкнинг ўз ички аудитини алмаштирмайди.
2026 йил молиявий ҳисоботининг мажбурий аудити «Ernst & Young» компаниясига топширилди. Компания 2026 йил 24 августдаги акцияларни олди-сотди шартномаси бўйича келишилган аудитор сифатида ҳам текширувлар ўтказади.
Кузатув кенгаши аъзолари
Талеҳ Таҳирли

Талеҳ Таҳирли (Taleh Tahirli) / Фото: ABB
Т.Таҳирли 2019 йил июлидан ABB бошқаруви раиси ўринбосари ва стратегия бўйича бош директори (Chief Strategy Officer) лавозимида ишлаб келмоқда. 2025 йил декабридан Azericard процессинг компанияси кузатув кенгаши раиси. Қафқаз университетида бизнес бошқаруви бакалаври, Гётеборг университетида халқаро менежмент магистри, HEC Paris'да инновацион менежмент бўйича Executive MSc даражасини олган. Банк соҳасидаги фаолиятини 2007 йил июнида Unibank'нинг бизнесни ривожлантириш ва маркетинг департаментида етакчи мутахассис сифатида бошлаган. Кейин бош мутахассис, чакана бизнесни ривожлантириш бўлими ва чакана бизнес департаменти бошлиғи бўлган. 2015 йил апрелидан 2018 йил майигача Unibank бошқаруви аъзоси, раис ўринбосари ва чакана бизнес ҳамда маркетинг бўйича бош директори лавозимида ишлаган. V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Марказий банкда Davr Bank'даги улушни сотиб олиш режалари муҳокама қилинган учрашувда иштирок этган.
Агшин Амиров

Агшин Амиров (Aqşin Əmirov) / Фото: ABB
А.Амиров 1978 йилда туғилган. Озарбайжон давлат иқтисодиёт университетида макроиқтисодиёт бўйича бакалавр (1999) ва иқтисодиётни тартибга солиш бўйича магистр (2001) даражасини олган. 2014 йилда London Business School'да MBA, 2022 йилда IMD бизнес мактабида корпоратив бошқарув дастурини тамомлаган. 2004 йилда Bank Respublika'да риск-менежмент департаменти директори бўлиб иш бошлаган, 2006 йил августидан банк бошқаруви аъзоси, 2015–2016 йилларда раис ўринбосари бўлган. 2006 йилда Германиянинг Sparkasse-Finanzgruppe тизимида рисклар бошқаруви бўйича стажировка ўтаган. 2009–2017 йилларда Baku Insurance аудит қўмитасига раҳбарлик қилган.
2016 йил декабридан ABB бошқаруви раиси ўринбосари ва бош риск-менежери (Chief Risk Officer) ҳисобланади. Муаммоли кредитлар билан ишлаш ва рисклар бошқаруви йўналишларини назорат қилади. 2017 йил мартидан ABB'нинг Москвадаги шўъба банки кузатув кенгаши аъзоси, 2020 йил июлидан «Beynəlxalq Lizinq» лизинг компанияси кузатув кенгаши раиси. «ABB-Invest» инвестиция компанияси кузатув кенгашига ҳам раис этиб сайланган. Озарбайжон банклар ассоциацияси ҳузуридаги риск бўйича эксперт гуруҳига раҳбарлик қилади.
Шафаг Ҳасанова (мустақил аъзо)

Шафаг Ҳасанова (Shafag Hasanova) / Фото: LinkedIn
Ш.Ҳасанова Озарбайжон тиллар университетида тилшунослик бўйича бакалавр (2004) ва магистр (2007) даражасини олган. Британиянинг Chartered Insurance Institute'ида умумий суғурта бўйича сертификат, Брэдфорд университетида бизнес бошқаруви бўйича диплом (2024) олган. Суғурта соҳасида 20 йилдан ортиқ тажрибага эга.
Меҳнат фаолиятини 2004 йилда Ilk bank'да ижрочи ёрдамчи сифатида бошлаган. 2005–2009 йилларда «Atəşgah» суғурта компаниясида мутахассис бўлган. 2009 йилдан «Ateshgah Life» (Atəşgah Həyat) компаниясида ишлаб, етакчи мутахассисликдан ҳаёт суғуртаси бўлинмаси бошлиғигача кўтарилган. 2023 йил бошида компания бош директори этиб тайинланган, 2023 йил сентябридан бошқарув аъзоси. 2026 йил августидан корпоратив ва ҳамкорлик савдолари департаменти директори.
Саид Абдунабиев (мустақил аъзо)

Саид Абдунабиев / Фото: LinkedIn
С.Абдунабиев Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида информатика бўйича бакалавр даражасини (2002) олган, 2026 йилда Оксфорд университети Saïd Business School'нинг сунъий интеллект дастурини тамомлаган.
2003 йилда Ўзбекистондаги илк рақамли агентликлардан бири NEXT interactive'га ҳаммуассис сифатида асос солган. 2006–2009 йилларда Doda.uz интернет-порталининг ҳаммуассиси ва раҳбари бўлган. 2009 йилдан АҚШ бозори учун веб-ишланмалар яратувчи 77Projects ва AB компанияларини бошқарган, 2011–2013 йилларда Нью-Йоркдаги Blue Fountain Media агентлигида ишлаб чиқиш жамоаси директори бўлган. 2018 йил декабридан AB.Digital агентлиги асосчиси ва раҳбари. Унинг маълумотига кўра, агентлик Миллий банк, SQB, ANORBANK, Hamkorbank, Octobank, Ипотека-банк, Uzcard, Click каби компаниялар учун рақамли лойиҳаларни амалга оширган. 2025 йил январида AB.Digital халқаро консалтинг гуруҳи Civitta таркибига қўшилган, шундан буён С.Абдунабиев Civitta'нинг Ўзбекистондаги ассоциацияланган ҳамкори (Associate Partner).
Фарҳод Розиев (мустақил аъзо)

Фарҳод Розиев / Фото: LinkedIn
Ф.Розиев 1979 йилда туғилган, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида иқтисодиёт бўйича бакалавр даражасини (2000) олган. openinfo маълумотига кўра, «Telecom Cloud» МЧЖ бош директори, 2025 йил октябридан UzCloud булутли платформасига раҳбарлик қилади.
2000–2007 йилларда Sarkor Telecom провайдерининг бош директори бўлган. Кейин Winncom Technologies компаниясида бизнесни ривожлантириш директори, 2010–2012 йилларда «Ўзбектелеком»нинг Uzonline лойиҳаси раҳбари, 2012–2017 йилларда яна Winncom Technologies'да минтақавий лойиҳалар директори бўлиб ишлаган. 2018 йил февралидан августигача «Ўзбектелеком» бош директори бўлган, сўнг компаниянинг тижорат директори этиб тайинланган. 2016–2025 йилларда Intelligent Consulting компаниясининг асосчиси ва бизнес-маслаҳатчиси бўлган. Civitta сайтида «AB Digital» ҳаммуассиси ва Civitta'нинг Ўзбекистондаги ассоциацияланган ҳамкори сифатида кўрсатилган.
Бошқарув аъзолари
Абдумажид Самадов (бошқарув раиси)

Абдумажид Самадов / Фото: Davr Bank
А.Самадов 1972 йил 12 декабрда туғилган, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Банк тизимидаги фаолиятини 1998 йил сентябрида Ўзмиллийбанкда бошлаган. У ерда 2004 йилгача лойиҳаларни молиялаштириш бўйича мутахассисликдан бўлим бошлиғигача кўтарилган, сўнг қимматли қоғозлар бўлими бошлиғи ва инвестиция департаменти директори ўринбосари, ғазначилик бошлиғи ўринбосари, филиал бошқарувчиси ва Лойиҳаларни молиялаштириш маркази директори ўринбосари лавозимларида ишлаган. LinkedIn саҳифасига кўра, Ўзмиллийбанкда ишлаган даврида Олмалиқ КМК учун корпоратив облигациялар чиқариш лойиҳасида қатнашган. 2007 йил октябрида Davr Bank'га бошқарув раисининг молиявий масалалар бўйича маслаҳатчиси бўлиб ўтган, 2009–2017 йилларда раиснинг биринчи ўринбосари бўлган. 2017 йил январидан бошқарув раиси. Акциядорларнинг 2026 йил июнидаги йиғилишида ваколатлари яна бир йилга узайтирилган, энди эса бошқарув таркиби 3 йилга тасдиқланди.
Айнур Сулейманли (раис ўринбосари)

Айнур Сулейманли (Aynur Suleymanli) / Фото: LinkedIn
А.Сулейманли Озарбайжон давлат иқтисодиёт университетида кадрлар бошқаруви йўналиши бўйича бакалавр ва магистр (2002) даражасини олган, 2020 йилда Дьюк университети Fuqua бизнес мактабида стратегияни амалга ошириш бўйича дастурни тамомлаган. Тўрт йил халқаро компанияда маркетинг тадқиқотлари соҳасида ишлаган. 2005 йил ноябридан 2017 йилгача AccessBank'да инсон ресурслари департаменти бошлиғи, 2017 йил январидан инсон ресурслари ва маъмурий масалалар бўйича ижрочи директор бўлган. 2018 йил февралидан ABB'нинг бош директори (Managing Director), инсон ресурслари ва маъмурий масалаларга масъул. Озарбайжон банклар ассоциациясининг таълим стратегиялари ва инсон ресурслари бўйича эксперт гуруҳи раиси.
Гейбат Гадиров (раис ўринбосари)

Гейбат Гадиров (Heybat Gadirov) / Фото: LinkedIn
Г.Гадиров Озарбайжон давлат иқтисодиёт университетида молия ва кредит йўналиши бўйича бакалавр (2009) ва магистр (2012) даражасини олган. 2008 йил сентябрида Unibank'да кредитларни маъмурлаштириш бўлими мутахассиси бўлиб иш бошлаган. Кейин операцион рисклар бўйича бош мутахассис, чакана банк жараёнларини ривожлантириш бўлими бошлиғи, 2015–2019 йилларда чакана бизнесни ривожлантириш департаменти директори, 2019–2021 йилларда чакана бизнес бўйича бош директор (Chief Retail Business Officer) бўлган. 2021 йил декабридан 2026 йил сентябригача Unibank бошқаруви аъзоси ва раис ўринбосари бўлган, ижрочи директорнинг биринчи ўринбосари ва бош операцион директор вазифаларини ҳам бажарган. 2026 йил апрель ҳолатига Unibank бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи бўлган ва Озарбайжон кредит бюроси кузатув кенгаши раиси этиб сайланган. 10 сентябрь куни Unibank'дан ўз аризасига кўра кетган. Ҳозир ABB бошқаруви раиси маслаҳатчиси.
Самаржон Назаров (раис ўринбосари)

Самаржон Назаров / Фото: Davr Bank
С.Назаров 1985 йилда туғилган, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Банк тизимидаги фаолиятини 2009 йилда Ўзмиллийбанк филиалларидан бирида бошлаган. 2010–2017 йилларда Davr Bank'да турли лавозимларда ишлаган, жумладан 2012 йилда банкнинг бош юристи бўлган. 2017 йилдан хусусий секторда фаолият юритиш билан бирга Davr Bank кузатув кенгаши аъзоси бўлиб келган. 2023 йил май ойида кузатув кенгаши қарори билан бошқарув раиси ўринбосари — юридик хизмат департаменти директори этиб тайинланган. Шу лавозимда банкнинг Davr Mobile 2.0 иловаси ва юридик шахслар учун онлайн кредит тақдимотларида қатнашган.
Нодир Халилов (бошқарув аъзоси)

Нодир Халилов / Фото: Davr Bank
Н.Халилов Davr Bank риск-менежмент департаменти директори. Бошқарувнинг аввалги таркибида ҳам бўлган ва янги таркибда ҳам фаолиятини давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, Davr Bank акциядорлари июнь ойида ABB билан банкнинг 51 фоизлик назорат пакетини сотиш бўйича битимни якунлашга розилик берган эди. Битим 22 август куни Тошкентда IV Ўзбекистон–Озарбайжон ҳудудлараро форуми доирасида ABB бошқаруви раиси Аббос Иброҳимов ва Л.Убаев томонидан имзоланган. 10 сентябрь куни ABB «Тошкент» республика фонд биржасида банкнинг 51 млн дона оддий акциясини ҳар бири 32 281,28 сўмдан, жами 1,646 трлн сўмга (қарийб 140 млн доллар) сотиб олган. Davr Bank 2025 йилни 631,5 млрд сўм, жорий йилнинг биринчи ярмини эса 368,7 млрд сўм соф фойда билан якунлаган.
