Агробанк кузатув кенгашига Грузиянинг собиқ бош вазири сайланди

06.10.2026 13:19

92

Агробанк акциядорлари кузатув кенгашининг ваколатларини муддатидан илгари тугатиб, янги таркибни сайлади. Кенгашга Грузиянинг собиқ бош вазири Гиорги Квирикашвили, HSBC Bank Armenia собиқ раҳбари Ирина Сейланян ва яна икки нафар хорижий мутахассис ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг икки нафар вакили кирди. Натижада 9 кишилик кенгашда мустақил аъзолар сони 4 нафардан 5 нафарга етди.

Фото: Агробанк

«Агробанк» АТБ акциядорларнинг 2026 йил 24 сентябрда бўлиб ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилишида кузатув кенгашининг амалдаги таркиби ваколатларини муддатидан илгари тугатилди ва 9 нафар аъзодан иборат янги кенгашни уч йил муддатга сайланди. Шунингдек, йиғилишда банк уставига, «Акциядорларнинг умумий йиғилиши тўғрисида»ги ва «Кузатув кенгаши тўғрисида»ги низомларга ўзгартириш ва қўшимчалар тасдиқланди.

Эътиборли жиҳати, ваколатлари тугатилган кенгаш акциядорларнинг 30 июндаги йиллик йиғилишида уч йил муддатга сайланган эди. Бошқача айтганда, Кузатув кенгаши 86 кун (тахминан уч ой) фаолият юритди.

Янги кенгаш аъзоларидан олти нафари кенгашга илк бор кирди. Аввалги таркибдан уч нафар аъзо — кенгаш раиси, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси вакили Джамол Ибрагимов ҳамда мустақил аъзо Ян Тавровский сақланиб қолди.

Кенгашдан олти нафар аъзо чиқди. Йиллик йиғилиш материалларида кўрсатилган лавозимларига кўра, улар:

  • Шаҳобиддин Ортиқов — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Озиқ-овқат ишлаб чиқариш дастурлари ижросини мувофиқлаштириш, ички истеъмол бозорида нархлар ўсишининг олдини олиш бошқармаси бош мутахассиси (2022 йилдан кенгаш аъзоси);
  • Тўлқин Мирзаев — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни молиявий қўллаб-қувватлаш департаменти бошлиғи ўринбосари (2020 йилдан);
  • Музаффарджон Ҳакимов — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланиш инспекцияси бошлиғи маслаҳатчиси (2024 йилдан);
  • Сардор Холмаҳмадов (мустақил аъзо) — Германиянинг Helaba банки (Франкфурт) бошқарувчи директори, тузилмавий савдо ва экспортни молиялаштириш йўналиши (2024 йилдан);
  • Ҳусаметтин Гюлхан (мустақил аъзо) — Туркия Буюк миллат мажлиси раиси маслаҳатчиси (2024 йилдан);
  • Неъматхон Хамрахўжаев (мустақил аъзо) — Президент ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси «Янги Ўзбекистон» мактаби декани (2019 йилдан).

Уларнинг ўрнига сайланганлар:

  • Гиорги Квирикашвили (мустақил аъзо) — Грузиянинг собиқ бош вазири, Тожикистондаги «Арванд» банки кузатув кенгаши аъзоси;
  • Ирина Сейланян (мустақил аъзо) — Afeyan Initiatives for Armenia жамғармаси ижрочи директори;
  • Димитри Шишло (мустақил аъзо) — AndSecure (Женева, Швейцария) асосчиси;
  • Татьяна Доган (мустақил аъзо) — молия ва корпоратив бошқарув эксперти, Ипотека-банк кузатув кенгашининг собиқ мустақил аъзоси;
  • Отабек Баракаев — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Бухгалтерия ҳисоби методологияси ва аудиторлик фаолиятини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи;
  • Элбек Бегжанов — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат банклари ва активларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш департаменти вакили.

Банкнинг 2025 йилги йиллик ҳисоботи ва июнь йиғилиши қарорига кўра, аввалги таркибда мустақил аъзолар 4 нафар, акциядорлар вакиллари 5 нафар эди. Янги кенгашда мустақил аъзолар 5 нафар, акциядорлар вакиллари 4 нафар. Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан вакиллар сони ўзгармади (3 нафар), Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бир нафар вакил қолди, Вазирлар Маҳкамасига қарашли инспекция вакили эса кенгашдан чиқди. Ҳисоботга кўра, 12,43 трлн сўмлик устав капиталида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ҳар бири 20 фоиздан ортиқ улушга эга.

Янги мустақил аъзоларнинг касбий тажрибаси Грузия, Арманистон, Украина, Швейцария, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия ва Ўзбекистон молия секторларида шаклланган.

Шундай қилиб, янгиланган кузатув кенгаши таркибидан мустақил аъзолар сифатида Ян Тавровский, Ирина Сейланян, Гиорги Квирикашвили, Димитри Шишло, Татьяна Доган ўрин олди. Акциядорлар вакиллари сифатида эса, Аҳадбек Ҳайдаров — кенгаш раиси, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари, Джамол Ибрагимов — Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш бошқармаси бошлиғи, Отабек Баракаев — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи ҳамда Элбек Бегжанов — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили киритилди.

Аҳадбек Ҳайдаров — кенгаш раиси

Аҳадбек Ҳайдаров / Фото: imv.uz

1971 йилда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида туғилган. 1994 йилда Тошкент давлат университетини, 1998 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2001 йилда Япониянинг Сиёсий фанлар миллий институтини, 2006 йилда АҚШнинг Williams College'ини тамомлаган. 2012 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Вазирликнинг расмий таржимаи ҳолига кўра, 1996–1999 йилларда Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати департаментида, 1999–2007 йилларда Молия вазирлигида давлат бюджети ва ижтимоий соҳани молиялаштириш йўналишларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2008–2013 йилларда Марказий банк Монетар сиёсат департаменти директори, 2013–2016 йилларда Марказий банк раиси ўринбосари бўлган.

2016 йилда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2016–2017 йилларда Микрокредитбанк бошқаруви раиси бўлган. 2017 йилда Молия вазири ўринбосари, 2017–2019 йилларда биринчи ўринбосари, 2019 йилда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори лавозимларида ишлаган. 2019–2023 йилларда яна Молия вазири ўринбосари, 2023 йилда Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари бўлган, 2023 йил августидан Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари. Банк ҳисоботига кўра, 2018 йилдан Агробанк кузатув кенгаши аъзоси.

Ян Тавровский

Ян Тавровский / Фото: primeminister.kz

1970 йилда туғилган. 1992 йилда Москва алоқа институтини тамомлаган, 1994 йилда Россия Марказий банкининг Москва банк мактабида «Банкларда бухгалтерия ҳисоби» йўналишини тугатган. 1998 йилда London Business School'нинг MBA дипломини олган.

Молиявий карьерасини 1998 йилда Лондонда Goldman Sachs International'нинг кредит ва рейтинг бўйича маслаҳат гуруҳида бошлаган. Кейин J.P. Morgan Securities Ltd кредитларни молиялаштириш гуруҳига ўтган. 2004 йилда J.P. Morgan Bank'нинг Россиядаги корпоратив мижозлар ва капитал бозорлари департаменти раҳбари этиб тайинланган.

2009 йил апрелидан 2010 йил мартигача Morgan Stanley Bank бошқарув раиси ўринбосари ҳамда Россия ва МДҲ бўйича инвестицион банкинг раҳбари бўлган, сўнг J.P. Morgan'га қайтиб, банкнинг Россия ва Украина бўйича инвестицион банкинг йўналишига раҳбарлик қилган. 2012 йил апрелидан 2022 йилгача J.P. Morgan'нинг Россия ва МДҲ давлатлари бўйича президенти бўлган. Агробанк кузатув кенгашига 2026 йил февралида мустақил аъзо сифатида сайланган эди.

Гиорги Квирикашвили

Гиорги Квирикашвили / Фото: https://sovanews.tv/

1967 йилда Тбилисида туғилган. 1992 йилда Тбилиси давлат тиббиёт институтини, 1995 йилда Тбилиси давлат университетини иқтисодиёт йўналиши бўйича (имтиёзли диплом) тамомлаган, 1998 йилда АҚШнинг Иллинойс университетида (Урбана-Шампейн) молия бўйича магистр даражасини олган.

Банк соҳасидаги фаолиятини 1993 йилда United Georgian Bank'да кредит департаменти директори ўринбосари сифатида бошлаган. 1996–1997 йилларда Trade Invest Bank бош менежери ўринбосари, 1998–1999 йилларда United Georgian Bank'да бизнесни ривожлантириш ва филиаллар тармоғи директори ҳамда активлар ва пассивларни бошқариш департаменти директори ўринбосари бўлган. 2004–2006 йилларда First Commercial Bank ижроия кенгашига маслаҳатчи, 2006–2011 йилларда Cartu Bank бош директори бўлиб ишлаган.

1999 йилда Грузия Президенти девонининг фискал, пул-кредит ва ташқи иқтисодий алоқалар бўлими бошлиғи ўринбосари бўлган. 1999–2004 йилларда Грузия парламенти депутати, парламентнинг иқтисодий сиёсат қўмитаси аъзоси ва Жаҳон савдо ташкилоти бўйича ишчи гуруҳ раҳбари бўлган. 2012 йил октябридан Грузия Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири, 2015 йилда Ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлаган. 2015 йил 30 декабрда парламент уни Бош вазир этиб тасдиқлаган, 2018 йил июнида истеъфога чиққан.

2018 йил сентябрида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) халқаро маслаҳатчиси сифатида Ўзбекистонда давлат ва хусусий сектор ўртасида мулоқот платформасини яратиш лойиҳасига жалб қилинган. Ҳозирда Тожикистоннинг «Арванд» банки кузатув кенгаши аъзоси.

Ирина Сейланян

Ирина Сейланян / Фото: Regionalpost.org

Банк соҳасида 25 йилдан ортиқ тажрибага эга армениялик молиячи. Арманистон давлат муҳандислик университетини ахборотни қайта ишлаш ва бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимлари мутахассислиги бўйича тамомлаган. Сертификатланган бухгалтерлар ассоциациясининг (ACCA) аъзоси (Fellow).

1997 йилдан HSBC гуруҳида ишлаган: HSBC Bank Armenia'да бош директор ўринбосари ҳамда глобал банкинг ва бозорлар бўлими бошлиғи, Буюк Британиядаги HSBC Bank plc'да тартибга солиш хатарлари дастурлари бошлиғи, 2016–2020 йилларда HSBC Bank Malta'да глобал бозорлар бўлими бошлиғи бўлган. 2020 йил мартидан HSBC Bank Armenia бош директори (CEO) этиб тайинланган — банкнинг биринчи армениялик раҳбари бўлган. HSBC 2024 йил ноябрида Арманистондаги шўъба банкини Ardshinbank'га сотиб, бу бозордан чиқиб кетган.

2026 йил 26 июнда Afeyan Initiatives for Armenia (AIFA) жамғармаси ижрочи директори этиб тайинланган. Шунингдек, Ҳарбий хизматчиларни суғурталаш миллий жамғармаси кенгаши раиси, Armenian Card миллий карта тизими ва Арманистондаги Америка савдо палатаси (AmCham) кенгашлари аъзоси, 2021 йилдан ZINAPAH жамғармаси васийлик кенгаши раиси.

Димитри Шишло

Димитри Шишло / Фото: delo.ua

Франция ва Швейцария фуқароси, молия сектори, хатарларни бошқариш ва киберхавфсизлик бўйича мутахассис. 2017 йилда INSEAD'нинг Executive MBA дастурини тамомлаган.

Фаолиятини 2004 йилда Украинада француз саноат ва банк гуруҳларида бошлаган. Профессионал профилига кўра, PricewaterhouseCoopers, Imerys саноат гуруҳи ва Société Générale тузилмаларида молиявий назорат, операцион хатарлар ва аудит йўналишларида ишлаган. 2009 йилдан Швейцарияда, асосан халқаро молия институтларида хатарларни бошқариш ва киберхавфсизлик йўналишида фаолият юритган — ING, Edmond de Rothschild ва Union Bancaire Privée банкларида ишлаган.

2019–2023 йилларда Украинанинг давлат «Укрэксимбанк»и кузатув кенгаши раиси ўринбосари бўлиб, кенгашнинг операциялар ва рақамлаштириш қўмитасига раислик қилган. 2020 йилда киберхавфсизлик ва рақамли трансформация бўйича маслаҳат берувчи AndSecure компаниясига асос солган. Профессионал профилига кўра, Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва ЕТТБнинг директорлар кенгашига номзодлар базасига киритилган.

Татьяна Доган

Татьяна Доган / Фото: LinkedIn

МДҲ давлатлари ва Туркия молия секторида тажрибага эга молиявий раҳбар ва корпоратив бошқарув эксперти. Профессионал профилига кўра, 1995 йилда Қирғизистон миллий университетини тамомлаган, 2012 йилда TRIUM Global Executive MBA (LSE, HEC Paris ва NYU Stern) дастурини битирган.

Фаолияти давомида Demir Kyrgyz International Bank, «Кыргызстан» тижорат банки, америка-қирғиз Jerooy Gold олтин қазиб олиш корхонаси ва Ernst & Young'да раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Профессионал профилига кўра, 2004–2007 йилларда Қозоғистоннинг Demir Kazakhstan Bank ва БТА банкларида хатарларни бошқариш йўналишларига раҳбарлик қилган, 2012–2020 йилларда Туркиянинг Şekerbank гуруҳига кирувчи компаниялар директорлар кенгаши аъзоси бўлган.

Ўзбекистон банк тизимида ҳам тажрибага эга. 2020 йил сентябрида, «Қозоғистон Иджара Компанияси» АЖ директорлар кенгашининг мустақил аъзоси бўлган пайтда, Ипотека-банк кузатув кенгашига мустақил аъзо сифатида сайланган. Банк OTP Group'га сотилгач, 2023 йил майида янги кенгашга қайта сайланган. 2023 йил октябригача Қирғизистоннинг «Бай-Тушум» банки директорлар кенгаши аъзоси бўлган.

Джамол Ибрагимов, Отабек Баракаев, Элбек Бегжанов

Д.Ибрагимов Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг Инвестиция лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш бошқармаси бошлиғи, 2024 йилдан Агробанк кузатув кенгаши аъзоси. О.Баракаев Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Бухгалтерия ҳисоби методологияси ва аудиторлик фаолиятини тартибга солиш бошқармасига раҳбарлик қилади. Бошқарма таркибида аудиторлик фаолиятини тартибга солиш ва бухгалтерия ҳисоби стандартларини халқаро талаблар билан уйғунлаштириш бўлими фаолият юритади. Э.Бегжанов Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш йўналишидаги департаментини ифодалайди. Уларнинг батафсил таржимаи ҳоли очиқ манбаларда топилмади.

Эслатиб ўтамиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026–2028 йилларга мўлжалланган фискал стратегиясида Агробанк Ўзмиллийбанк, Халқ банки, Бизнесни ривожлантириш банки ва Микрокредитбанк билан бирга давлат балансида қолиши режалаштирилган банклар қаторида кўрсатилган эди. Сентябрь ойида эса Агробанк билан бир қаторда Микрокредитбанк, Асакабанк, Туронбанк ва Халқ банки ҳам кузатув кенгашини янгилаш учун навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиши ҳақида хабар қилган эдик. Хусусан, давлат улуши сотувга қўйилган Туронбанк кенгашига беш нафар хорижий мутахассис сайланди.

Теглар:

#агробанк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган