Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи давлат банкларидан бир нечтаси сентябрь ойида акциядорларининг умумий йиғилишларини ўтказади. Банклар йиғилишлар ҳақидаги тегишли эълонларни Ягона корпоратив ахборот порталига жойлаштирган. Йиғилишлар 18 сентябрдан 25 сентябргача бўлган даврда, барчаси Тошкент шаҳрида, офлайн тартибда ўтказилади.
Барча йиғилишлар кун тартиблари бир-бирига яқин: бешала банкда ҳам кузатув кенгаши аъзолари сайланади. Учта банкда — Агробанк, Асакабанк ва Микрокредитбанкда — банк уставига ҳамда бошқарув органлари фаолиятини тартибга солувчи ички низомларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
Микрокредитбанк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши 18 сентябрь куни соат 10:00 да Амир Темур шоҳ кўчаси, 4-уйдаги мажлислар залида ўтказилади. Кун тартибида олтита масала — регламентни тасдиқлаш, кузатув кенгаши айрим аъзолари ваколатларини муддатидан илгари тугатиш, кенгаш таркибидаги мустақил аъзолар сонини белгилаш, уставга ва «Кузатув кенгаши тўғрисида»ги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳамда кенгаш аъзоларини сайлаш кўриб чиқилади. Банк рўйхатдаги банклар орасида «E-Vote» электрон овоз бериш платформаси орқали масофадан туриб иштирок этиш имконини бераётган ягона банкдир.
Асакабанк акциядорларининг йиғилиши ҳам 18 сентябрь куни соат 15:00 да Tashkent City ҳудудидаги Asaka Tower биносида жойлашган бош офисда бўлиб ўтади. Кун тартиби бошқа банклардан фарқ қилади: кенгаш аъзоларини сайлаш, устав ва «Банк Бошқаруви тўғрисида»ги низомга ўзгартиришлар билан бир қаторда, банкнинг 2026 йил учун қайта кўриб чиқилган бизнес-режаси тасдиқланиши кўзда тутилган.
Агробанк акциядорлари 24 сентябрь куни соат 15:00 да Тошкент шаҳри, Ботир Зокиров кўчаси, 2а-уйдаги бош офисда йиғилади. Кун тартибига тўртта масала киритилган, хусусан банк уставига, «Акциядорлар умумий йиғилиши тўғрисида»ги ва «Кузатув кенгаши тўғрисида»ги низомларга ўзгартириш ва қўшимчаларни тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилади.
Туронбанк акциядорларининг йиғилиши 25 сентябрь куни соат 11:00 да Абай кўчаси, 4а-уйдаги бош офисда ўтказилади. Кун тартибида учта масала кўрсатилган: одатий тартибдаги масалалар сифатида саноқ комиссияси таркибини ва йиғилиш регламентини тасдиқлаш ҳамда асосий масала сифатида кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш кўриб чиқилади.
Халқ банки акциядорларининг йиғилиши эса 25 сентябрь соат 16:00 да, банк марказий аппарати маъмурий биносининг 14-қаватида бўлиб ўтади. Кун тартибида асосий масала сифатида кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш масаласини кўриб чиқиш келтирилган.
Маълумот учун: Бизнесни ривожлантириш банки акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бугун соат 10:00 да, тўлиқ масофадан — evote.uz электрон овоз бериш хизмати орқали ўтказилди. Йиғилиш кун тартибида учта масала, хусусан, кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш, банкда қарздорлик эвазига мол-мулкларни балансга олиш ва сотиш тартибини янги таҳрирда тасдиқлаш кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2026 йил 25 февралдаги «Давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банклари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-74-сон қарори билан давлат иштирокидаги жамиятлар кузатув кенгашлари таркибидаги мустақил аъзолар улушини 50 фоизга етказиш вазифаси белгиланган эди. Ҳужжатда, шунингдек, кенгашлар таркибига Ўзбекистон Республикаси миллий инвестиция жамғармасининг ишончли бошқарувчиси — «Franklin Templeton Asset Management» МЧЖ вакилларини киритиш назарда тутилган.
