«Туронбанк» АТБ акциядорларининг 2026 йил 25 сентябрда бўлиб ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилиши банк кузатув кенгашини уч йил муддатга 9 нафар аъзодан иборат янги таркибда сайлади. Йиғилиш баёнига кўра, барча тўққиз номзодни банк акциядори — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 27 июлдаги хати билан, Вазирлар Маҳкамасининг 31 июлдаги хатига асосан таклиф этган. Номзодлар кумулятив овоз бериш орқали сайланди.
Янги кенгаш аъзоларидан олти нафари кенгашга илк бор кирди. Аввалги таркибдан уч нафар аъзо — Гжегож Ҳенрик Завада, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бошқарма бошлиғи Ирода Абдуллаева ҳамда миноритар акциядорлар вакили, "USUB" МЧЖ бош директори Фаттоҳ Маликов сақланиб қолди. Янги таркибда кенгаш раиси этиб Г.Завада белгиланди.
Кенгашдаги олти нафар аъзонинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилди. Улар 2024 йил 1 августдаги навбатдан ташқари йиғилишда уч йил муддатга сайланган эди (ваколат муддати тугашига қарийб 10 ой қолган - таҳр.). Ваколати тугатилганлар — Иқтисодиёт ва молия вазирининг маслаҳатчиси Жасур Қаршибаев, вазир ўринбосари Самандар Садуллаев, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти директори Умид Абидхаджаев, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бош мутахассиси Олимжон Худойбердиев, Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими Одил Олимжонов ҳамда АҚШдаги "Insignia Finance" МЧЖ вакили Низомиддин Муродов. Эътиборли жиҳати, Н.Муродов сентябрь ойида Микрокредитбанк кузатув кенгашига мустақил аъзо сифатида сайланган эди.
Банк сайтида ҳозирча сақланиб турган аввалги таркибда мустақил аъзолар уч нафар — Г.Завада, О.Олимжонов ва Н.Муродов эди. Янги кенгашда мустақил аъзолар олти нафарга етиб, кенгашнинг учдан икки қисмини ташкил қилмоқда. Давлат акциядорлари эса энди биттадан вакилга эга: Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан И.Абдуллаева, Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан Расул Хамидов. Банк маълумотига кўра, 1 август ҳолатида 2,24 триллион сўмлик устав капиталининг 86,71 фоизи Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига, 12,46 фоизи Иқтисодиёт ва молия вазирлигига, 0,83 фоизи бошқа акциядорларга тегишли. Ф.Маликов кенгашда ана шу миноритар акциядорлар манфаатини ифодалайди.
Янги мустақил аъзоларнинг касбий тажрибаси асосан Грузия, Қозоғистон, Озарбайжон, Чехия ва Словакия, шунингдек, Россия ва Ғарбий Европа молия, аудит ва телеком бозорларида шаклланган. Кенгаш раиси Г.Завада эса Польша, Буюк Британия ва Саудия Арабистони капитал бозорларида ишлаган.
Янгиланган кузатув кенгаши таркиби
Мустақил аъзолар (6 нафар):
- Гжегож Ҳенрик Завада — кузатув кенгаши раиси;
- Жорж Глонти;
- Сергей Назаренко;
- Ян Чарни;
- Ричард Нолан Шарко;
- Марал Амрина.
Акциядорлар вакиллари (3 нафар):
- Расул Хамидов — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент бошлиғи;
- Ирода Абдуллаева — Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бошқарма бошлиғи;
- Фаттоҳ Маликов — "USUB" МЧЖ бош директори, миноритар акциядорлар вакили.
Маълумот учун, йиғилиш баёни ва openinfo'даги маълумотларга кўра, ҳозирда банк бошқаруви раиси вазифасини Чори Мирзаев вақтинча бажариб турибди.
Гжегож Ҳенрик Завада — кенгаш раиси

Гжегож Завада / Фото: VeloBank
1973 йилда Польшанинг Свидница шаҳрида туғилган. Варшава иқтисодиёт мактабини (SGH) халқаро бизнес муносабатлари ва сиёсий иқтисод йўналиши бўйича тамомлаган, иқтисодиёт магистри. 1997 йилда АҚШнинг Миннесота университетида бакалавр даражасини олган, 2003 йилда Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактабида (LSE) таҳсил олган. 2000 йилдан CFA (Chartered Financial Analyst) сертификатига эга. 2022 йилдан Туронбанк кузатув кенгашининг мустақил аъзоси (хабар қилган эдик).
Фаолиятини 2000 йилда Erste Securities Polska брокерлик компаниясида акциялар бозорини тадқиқ қилиш бўлими бошлиғи сифатида бошлаган, кейинчалик компаниянинг молиявий директори (2004–2005) ва бошқарув аъзоси (2005–2007) бўлган. 2007–2011 йилларда Лондонда Nomura International, Royal Bank of Scotland ва HSBC банкларида акциялар ва ривожланаётган бозорларни тадқиқ қилиш департаментлари директори лавозимларида ишлаган.
2011–2014 йилларда PKO Bank Polski'нинг брокерлик бўлими (PKO Securities) раҳбари — бошқарувчи директор, 2014–2016 йилларда Варшава фонд биржаси (GPW) бош директорининг стратегия ва бизнесни ривожлантириш бўйича ўринбосари бўлган. 2016–2017 йилларда Польша тараққиёт жамғармаси (PFR) бошқаруви аъзоси — молиявий директори, 2017–2018 йилларда Noble Securities бош директори ўринбосари, 2019 йилда Саудия Арабистонининг Tadawul фонд биржасида корпоратив стратегия ва самарадорлик бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган.
2019–2025 йилларда PKO Bank Polski'да инвестициялар ва хусусий банк хизматлари бўлими бошлиғи — бошқарувчи директор бўлган. 2025 йил 14 августдан Польшанинг VeloBank банкида янги ташкил этилган брокерлик бўлимига раҳбарлик қилади.
Шунингдек, турли йилларда Польшанинг Pekaes, Ponar, Zortrax компаниялари, Польша энергетика биржаси (TGE) ва Bondspot кузатув кенгашлари аъзоси, Archicom компанияси кузатув кенгаши раиси ўринбосари бўлган. 2015–2016 йилларда WIBOR ва WIBID базавий фоиз ставкалари бўйича назорат органида Варшава фонд биржаси вакили бўлган.
Жорж Глонти

Жорж Глонти / Фото: linkedin.com
Грузиялик банкир, банк иши, аудит ва инқироздаги ташкилотларни соғломлаштириш (turnaround) соҳаларида 30 йилдан ортиқ тажрибага эга. 1994 йилда Тбилиси давлат университетини иқтисодиёт (банк иши ва молия) йўналиши бўйича магистр даражаси билан тамомлаган, 2000 йилда Грузия аудиторлар палатасининг банк аудитори сертификатини олган.
Банк соҳасидаги фаолиятини 1992 йилда Iberia Bank'да бошлаган, 1995–1999 йилларда TBC Group ва TbilUniversalBank'да раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 1999–2003 йилларда PwC билан ҳамкорликда ишлаган UBC International аудит-консалтинг компаниясининг бош директори ва бошқарувчи ҳамкори бўлган. 2005–2008 йилларда Грузия Миллий банки вице-президенти ва Миллий банк кенгаши аъзоси лавозимида ишлаган.
2008–2009 йилларда People's Bank of Georgia (кейинчалик Liberty Bank), 2009–2013 йилларда Kor Standard Bank (кейинчалик Tera Bank) бошқаруви раиси бўлган. Профессионал профилига кўра, ҳар икки банкни инқироз ҳолатидан олиб чиқиш билан шуғулланган. 2014–2018 йилларда Super TV компанияси бош директори бўлган.
2018 йил 31 декабрдан PASHA Bank Georgia кузатув кенгашининг мустақил аъзоси. Ҳозирда у кенгашнинг катта мустақил аъзоси, аудит қўмитаси раиси ва хатарлар қўмитаси аъзоси ҳисобланади. Бундан ташқари, 2014 йилдан Грузиядаги SWIFT хизмат бюроси — GFTC'нинг ноижрочи вице-президенти, Грузия мустақил директорлар ассоциацияси кенгаши аъзоси. Бошқарув консалтинги ва бизнесни қайта тиклаш бўйича мустақил консультант сифатида ҳам фаолият юритади. 2019 йилда Гарвард университетининг FinTech бўйича онлайн курсини тамомлаган.
Сергей Назаренко

Сергей Назаренко / Фото: forbes.kz
Телекоммуникация ва IT соҳасида 25 йилдан ортиқ тажрибага эга менежер. Қозоғистон миллий техника университетини (КазНТУ) тамомлаган, INSEAD бизнес мактабида MBA даражасини олган.
Қозоғистоннинг Kcell, KazTransCom (ҳозирги Jusan Mobile) ва «Қазақтелеком», Озарбайжоннинг AzerTelecom компанияларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Ҳозирда Caspinet B.V. кузатув кенгаши ҳамда Озарбайжоннинг халқаро транзит телеком оператори — AzerTelecom International қўмитаси аъзоси. Амстердамда рўйхатдан ўтган Caspinet B.V. «Қазақтелеком» ва AzerTelecom'нинг 50/50 улушли қўшма корхонаси бўлиб, Каспий денгизи тубидан Озарбайжон ва Қозоғистон ўртасида 380 километрлик оптик толали алоқа линиясини ётқизмоқда.
2024 йил апрелида «Қазақтелеком» гуруҳига кирувчи Tele2/Altel операторлари — «Мобайл Телеком-Сервис» МЧЖ бошқарув раиси этиб тайинланган, 2025 йил январигача шу лавозимда ишлаган.
Ян Чарни

Ян Чарни / Фото: linkedin.com
Банк, тўлов тизимлари, суғурта ва консалтинг соҳаларида 35 йилдан ортиқ тажрибага эга мутахассис. Словакияда туғилган, касбий фаолиятининг асосий қисми Чехия ва Словакия молия бозорларида ўтган. Прага иқтисодиёт университетини тамомлаган, АҚШнинг Висконсин университетида постдипломли таълим олган, IMD (2005) ва INSEAD (2006) бизнес мактабларининг халқаро дастурларида ўқиган.
Фаолиятини 1990 йилда Komerční banka'да ғазначилик ҳамда активлар ва пассивларни бошқариш (ALM) бўлими раҳбари сифатида бошлаган, 1994–1998 йилларда ING банкининг инвестицион банкинг ва ALM йўналишига раҳбарлик қилган. 1999–2008 йилларда Mastercard'нинг Чехия, Словакия, Польша ва Украинадаги бўлинмаларига раҳбарлик қилган.
2008–2012 йилларда Британиянинг RSA Insurance Group гуруҳига қарашли Direct pojišťovna ва InTouch Insurance суғурта компанияларини Чехия ва Россияда бошқарган. Кейинчалик businessLAB консалтинг компаниясига ва IBM'нинг Марказий Европадаги молия хизматлари бўйича маслаҳат йўналишига раҳбарлик қилган. 2017 йилдан кредит хатарларини суғурталовчи француз Coface компаниясининг Чехиядаги, 2019 йилдан эса Словакиядаги бўлинмасига бош директор сифатида раҳбарлик қилган. Ҳозирда Халқаро савдо палатасининг Чехия бўлими (ICC CZ) кузатув кенгаши раиси.
Ричард Нолан Шарко

Ричард Шарко / Фото: linkedin.com
Аудит, молиявий ҳисобот ва хатарларни бошқариш соҳасида 40 йилга яқин тажрибага эга мустақил директор. Лос-Анжелесдаги Loyola Marymount университетини бухгалтерия ҳисоби бўйича бакалавр даражаси билан тамомлаган, Калифорния штатининг сертификатланган бухгалтери (CPA).
25 йил давомида PwC аудиторлик тармоғида ҳамкор (partner) бўлиб, Европа ва Россиядаги минтақавий офисларда халқаро мижозлар билан ишлаган. Профессионал профилига кўра, Москвада Россия ва Украина банклари аудитига, Марказий ва Шарқий Европа минтақасида ХМҲС (IFRS) йўналишига масъул бўлган. 2015–2020 йилларда аудит ва ишонч бўйича халқаро стандартлар кенгаши (IAASB) аъзоси бўлган.
Agri Europe Cyprus компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва аудит қўмитаси раиси бўлган. 2022 йил декабридан бош офиси Остонада жойлашган Solidcore Resources plc (собиқ Polymetal International) директорлар кенгашининг мустақил аъзоси. Компаниянинг 2026 йил июндаги эълонига кўра, мукофотлар қўмитаси раиси ҳамда аудит ва хатарлар қўмитаси аъзоси ҳисобланади.
Марал Амрина

Марал Амрина / Фото: linkedin.com
Марказий Осиё ва Шарқий Европа молия бозорларида тажрибага эга инвестиция ва корпоратив бошқарув мутахассиси. 2000 йилда Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университетини халқаро иқтисодий муносабатлар йўналиши бўйича тамомлаган. INSEAD'нинг корпоратив бошқарув (2023–2024) ҳамда The Wharton School'нинг қўшилиш ва сотиб олиш (M&A) ва молиявий стратегия дастурлари бўйича сертификатларига эга.
Ҳозирда Бельгиянинг Incofin Investment Management импакт-инвестиция компаниясида Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Кавказдаги молия институтларини қарз орқали молиялаштириш жамоасига раҳбарлик қилади.
Профессионал профилида кўрсатилишича, 2000–2008 йилларда Kazkommertsbank'да капитал бозорлари ва инвесторлар билан ишлаш бўйича директор бўлиб, банкнинг жами 6 миллиард долларлик еврооблигация операцияларида иштирок этган. 2009–2011 йилларда Alliance Bank (Қозоғистон) халқаро бўлимининг бошқарувчи директори сифатида банк ташқи қарзларини қайта тузиш жараёнида иштирок этган. Маълумот учун, 2010 йилда якунланган қайта тузиш натижасида Alliance Bank'нинг 4,5 миллиард долларлик қарзи 1,08 миллиард долларгача (тахминан 76 фоизга - таҳр.) қисқарган. 2012–2018 йилларда Kazkommertsbank'нинг Россиядаги шўъба банки — Moskommertsbank'нинг бошқарувчи директори бўлган.
Расул Хамидов

Расул Хамидов / Фото: gov.uz
Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ипотека ва уй-жой бозорини молиялаштириш, миллий фазовий ривожлантириш департаменти бошлиғи. Департамент таркибида уй-жой ва ипотека дастурларини ишлаб чиқиш, ипотека ва субсидия дастурларини амалга ошириш ҳамда шаҳарсозлик реновациясини қўллаб-қувватлаш бўлимлари фаолият юритади. Туронбанк кузатув кенгашида Иқтисодиёт ва молия вазирлигини ифодалайди.
Ирода Абдуллаева

Ирода Абдуллаева / Фото: Туронбанк
1968 йилда Тошкентда туғилган. 1990 йилда Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтини бухгалтерия ҳисоби назорати ва хўжалик фаолиятини таҳлил қилиш мутахассислиги бўйича тамомлаган.
2013 йилдан Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасида ишлайди. Маълумотномасига кўра, жамғармада инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштиришни ташкил этиш бўлимига раҳбарлик қилган, акциядорлар йиғилиши баёнида эса жамғарма бошқармаси бошлиғи сифатида кўрсатилган. Туронбанк кузатув кенгашида банкнинг йирик акциядори — Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини ифодалайди.
Фаттоҳ Маликов

Фаттоҳ Маликов / Фото: Туронбанк
1961 йилда Тошкентда туғилган. Тошкент автомобиль транспорти ва йўллари институтини йўл қурилиш машиналари ва жиҳозлари мутахассислиги бўйича механик-муҳандис сифатида тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1983 йилда Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси қошидаги ихтисослаштирилган йўлдан фойдаланиш трестида мастер сифатида бошлаган. 1985–1992 йилларда ЎзССР мелиорация ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Давлат сув хўжалиги қурилиши қўмитаси тизимида катта муҳандис, етакчи муҳандис лавозимларида, мустақилликдан кейин Мелиорация ва сув хўжалиги вазирлигида катта статист, 1-даражали муҳандис бўлиб ишлаган.
1992–1999 йилларда вазирликка қарашли «Узсувускунабутлаш» ишлаб чиқариш бирлашмасида бўлим бошлиғи, бошлиқ муовини ва бошлиқ лавозимларида ишлаган. 1999–2009 йилларда "USUB" ОАЖ, 2009 йилдан "USUB" МЧЖ бош директори. Туронбанк кузатув кенгашида миноритар акциядорлар вакили. Акциядорларнинг 25 сентябрдаги навбатдан ташқари йиғилишига ҳам у раислик қилган.
Янги сайланган аъзолар Марказий банк билан келишилганидан сўнг ўз вазифаларини бажаришга киришади.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 28 августдаги иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришга оид фармони билан Туронбанк акцияларининг 98,9 фоизини очиқ савдога чиқариш режалаштирилган. Банкни хусусийлаштиришга тайёрлаш, бунда унинг тайёргарлик даражаси ва халқаро маслаҳатчилар хулосаларини ҳисобга олиш Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юклатилгани ҳақида хабар қилган эдик.
