OTP Group Марказий Осиёдаги фаолиятини кенгайтирмоқчи

16.04.2026 06:22

199

2023 йилда Ўзбекистондаги Ipoteka bank акциялари назорат пакетини сотиб олган Шарқий Европанинг йирик молия гуруҳи — OTP Group ўзининг стратегик кенгайиш режаси доирасида Қозоғистон молия бозорига киришни кўриб чиқмоқда.

Фото: OTP Bank

Венгриянинг ​"OTP Group" молия гуруҳи 2025 йил якунлари бўйича эълон қилинган расмий ҳисоботида Марказий Осиё минтақаси инвестицион жозибадорлиги юқори ва макроиқтисодий салоҳиятга эга бўлган стратегик устувор ҳудуд сифатида белгилаётганини маълум қилган. Корпорация банкнинг ички имкониятлари ҳисобига ўсиш билан чекланиб қолмай, бозордаги улушини ошириш учун бошқа банкларни сотиб олиш (M&A) имкониятларини ҳам фаол кўриб чиқмоқда.

"Раҳбарият амалдаги географик ҳудудлар доирасида ва ундан ташқарида қўшимча қиймат яратувчи M&A келишувларини ўрганишда давом этмоқда. Марказий Осиё ўзининг барқарор ўсиш динамикаси туфайли корпоратив диққат марказимиздаги минтақалардан бири бўлиб қолади", — дейилади гуруҳнинг молиявий ҳисоботида.

Шунингдек, қозоғистонлик таниқли молиячи, иқтисодчи ва банк сектори мутахассиси Ғалим Хусаинов ушбу эҳтимолий битим объекти сифатида Қозоғистоннинг энг йирик банкларидан бири — ForteBank кўрилаётгани ҳақида фикр билдирган. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг Венгриядаги элчиси Абзал Сапарбекули ҳам янги битимлар орқали эҳтимолий кенгайиш режаларини тасдиқлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ёзида OTP Group Ipoteka bank'нинг акцияларининг 73,41 фоизини сотиб олган эди. Ҳозирда молия гуруҳи Шарқий ва Марказий Европа минтақасидаги энг йирик тизим ҳосил қилувчи корпорацияларидан бири бўлиб, Венгрия, Болгария, Словения, Хорватия, Сербия, шунингдек, Украина, Черногория, Албания, Молдова, Россия, Руминия ва Ўзбекистон давлатларининг молия бозорларида ўз иштирокини таъминлаган.

Теглар:

#OTP-Bank#OTP

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган