Paynet устав капиталини қарийб 550 млрд сўмга оширмоқда

25.02.2025 15:31

447

Paynet компанияси қўшимча 547,6 млрд сўмлик (тахминан 42,5 млн АҚШ долларлик) қўшимча акциялар чиқариш орқали ўз устав капиталини оширмоқда. Мазкур амалиёт компаниянинг яқинда HUMO тўлов тизимини 65 млн АҚШ долларига сотиб олгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ҳозирда компания устав капитали МБнинг минимал талаби даражасидан бироз кўп —10,5 млрд сўмни ташкил қилади.

Фото: Bankers.uz

Paynet тўлов тизими устав капиталини қарийб 550 млрд сўмга (амалдаги курс бўйича тахминан 42,5 млн долларга) оширади. Бу ҳақда Ягона корпоратив ахборот порталида маълумот берилган.

Компания акциядорлари 24 февраль куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилиши қарорига кўра, Paynet қиймати 500 сўмлик 1 095 249 593 дона қўшимча оддий акцияларни сотувга чиқариш йўли билан устав капиталини 558,12 млрд сўмгача оширади. 

Сотувга чиқариладиган акцияларнинг умумий суммаси 547,64 млрд сўм. Акциялар компаниянинг ягона акциядори “New Industrial Technologies” МЧЖга ёпиқ обуна асосида жойлаштирилади. Қўшимча акцияларни жойлаштириш муддати давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб бир йил этиб белгиланган.

Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реeстри маълумотларига кўра, Paynet'нинг устав капитали айни пайтда 10,5 млрд сўмни ташкил этади. Бу Марказий банкнинг тўлов ташкилотлари устав капитали учун қўйиладиган минимал талабидан бироз юқори.

Paynet'нинг устав капиталини ошириш тўғрисидаги қарори HUMO тўлов тизимини бошқарувчи Миллий банклараро процессинг марказининг 100 фоиз акцияларини сотиб олиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Paynet компанияси HUMO тўлов тизимини 65 млн доллар эвазига сотиб олган эди.

Теглар:

#paynet#Устав_капитал

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган