Ipak Yuli Bank'да бошқарув раиси ўзгарди

26.05.2026 16:35

1 001

2011-2023 йилларда Asia Alliance bank'да, 2023-2025 йилларда Ipoteka bank OTP Group'да раҳбарлик лавозимларида ишлаган Умиджон Хакимов Ipak Yuli Bank бошқаруви раиси этиб тайинланди. 2018 йилдан бери банкни бошқарган Сайдаброр Сайдахмедов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимини тарк этди.

Умиджон Хакимов / Фото: Ipak Yuli Bank

"“Ipak Yo‘li” " АИТБ (Ipak Yuli Bank) акциядорларининг бугун - 26 май куни бўлиб ўтган йиғилишида ташкилий масала кўриб чиқилди. Хусусан, йиғилишда 2018 йилнинг январь ойидан буён банк бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келган Сайдаброр Сайдахмедовнинг ваколат муддатидан олдин тугатиш муҳокама қилинган.

Сайдаброр Сайдахмедов / Фото: Ipak Yuli Bank

Йиғилиш қарорига кўра, С.Сайдахмедов бошқарув раиси лавозимидан озод қилинган. У банкдаги фаолиятини янги йўналишда давом эттириши маълум қилинган.

Саидаброр Сайдахмедов раҳбарлиги даврида Ipak Yuli Bank ўз тарихидаги энг йирик трансформация босқичларидан бирини амалга оширди. Банк чакана ва рақамли бизнесдаги позицияларини мустаҳкамлади, кенг қамровли ребрендингни амалга оширди, мобиль хизматларни фаол ривожлантирди ҳамда мижозлар базасини сезиларли даражада кенгайтирди. Айнан унинг раҳбарлиги остида банкнинг технологик ривожланиш, мижозга йўналтирилганлик ва барқарор тараққиётга асосланган янги стратегияси шаклланди. - дейилади банк хабарида.

Банк Саидаброр Сайдахмедовга банк ривожига қўшган ҳиссаси ва стратегик ўзгаришларни амалга оширишдаги хизматлари учун миннатдорлик билдирган.

Ipak Yuli Bank бошқаруви раиси лавозимига жорий йил апрель ойидан банк бошқаруви раиси ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Умиджон Абдухаликович Хакимов номзоди тасдиқланган. Амалдаги тартибларга кўра, У.Хакимов номзоди Марказий банк билан келишилгандан сўнг, мазкур лавозимга расман тасдиқланган ҳисобланади.

Умиджон Ҳакимов банк тизимда 25 йилдан ортиқ тажрибага эга мутахассис ҳисобланади. 1971 йилда туғилган. 2002 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (бакалавр), 2011 йили эса Лондон Бизнес мактабининг (LBS) MBA дастурини тамомлаган. У ўз меҳнат фаолиятини 1999 йили айнан Ipak Yuli Bank'да бошлаган. Кейинчалик Ўзбекистонда фаолият юритган "ABN AMRO Bank NB Uzbekistan A.O." (2006-2008), "Royal Bank of Scotland NB Uzbekistan CJSC" (2008-2011) банкларида ишлаган.

У.Хакимов 2011-2021 йилларда "Азия Альянс банк" АТБ бошқарув раиси ўринбосари, 2021 йилдан 2023 йил бошига қадар Азия Альянс банк бошқаруви раиси сифатида фаолият олиб борган. У 2023 йилнинг ноябрь ойидан жорий йил апрель ойига қадар Ipoteka bank OTP Group бошқаруви раиси ўринбосари (Корпоратив банкинг ва бозор инструментлари блоки раҳбари) сифатида фаолият юритган.

Ipak Yuli Bank 1990 йилда мустақил Ўзбекистоннинг биринчи хусусий банки сифатида ташкил этилган. Банк Ўзбекистон банк секторидаги рақамли трансформация етакчиларидан бири бўлиб,бугунги кунда 4,5 миллиондан ортиқ мижозларга хизмат кўрсатади ҳамда чакана, корпоратив ва инвестицион маҳсулотларнинг кенг турини таклиф этувчи банк ҳисобланади. Банк томонидан 6 миллиондан ортиқ карта чиқарилган бўлиб, у мамлакат бўйлаб 900 дан зиёд банкомат ва 20 000 та POS-терминаллар тармоғига эга.

Теглар:

#Ипак_Йўли#хакимов#сайдахмедов

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган