Умиджон Ҳакимов Ipak Yuli Bank бошқаруви раисига ўринбосар бўлди

20.04.2026 13:30

327

2023 йилдан Ipoteka bank OTP Group'да бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Умиджон Абдухаликович Хакимов "Ipak Yuli Bank" АИТБ бошқарув раиси ўринбосари этиб тайинланди.

Умиджон Хакимов / Фото: Bankers.uz

Жорий йилнинг 16 апрель куни "Ipak Yuli Bank" АИТБ Кузатув кенгашининг тегишли қарори билан банкнинг ижро этувчи органи – бошқарув таркибига ўзгартиришлар киритиш ҳамда янги аъзони тасдиқлаш масаласи кўриб чиқилди.

Қарорга мувофиқ, "Ipak Yuli Bank" АИТБ бошқаруви раиси ўринбосари – Бош маъмурий директор (CAO - Chief Administrative Officer) лавозимига Умиджон Абдухалиқович Ҳакимов тайинланган. Шунингдек, Умиджон Ҳакимов банк бошқаруви таркибига ҳам киритилган.

Мазкур лавозимда 2019 йилдан жорий йил март ойигача Малик Авазов ишлаб келган эди.

Умиджон Ҳакимов 1971 йилда туғилган. Маълумоти олий, 2002 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (бакалавр), 2011 йили эса Лондон Бизнес мактабининг (LBS) MBA дастурини тамомлаган.

У.Ҳакимов ўз меҳнат фаолиятини 1999 йили Ипак Йўли банкида бошлаган. Кейинчалик Ўзбекистонда фаолият юритган "ABN AMRO Bank NB Uzbekistan A.O." (2006-2008), "Royal Bank of Scotland NB Uzbekistan CJSC" (2008-2011) банкларида, шунингдек "Азия Альянс банк" АТБ (2011-2021) бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаган. 2021 йилдан 2023 йил бошига қадар Азия Альянс банк бошқаруви раиси, 2023 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб эса Ipoteka bank OTP Group бошқаруви раиси ўринбосари (Корпоратив банкинг ва бозор инструментлари блоки раҳбари) сифатида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга кўра, У.Ҳакимов ўз вазифаларини бажаришга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилгандан сўнг киришади.

Теглар:

#Ипак_Йўли#умиджон_ҳакимов

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган