Ўзбекистонда биринчи микромолия банки лицензия олди. Марказий банк "TAYYAB FINANCE MIKROMOLIYA TASHKILOTI" акциядорлик жамиятининг фаолиятини микромолия банки фаолиятига ўзгартиришга рухсат берди. Жамият негизида ташкил этилган "TAYANCH MIKROMOLIYA BANKI" акциядорлик жамиятига 2025 йил 6 ноябрь санасида 96-сонли (микромолия банки фаолияти учун) лицензия берди. Бу ҳақда Bankers.uz манбалари хабар бермоқда (тегишли лицензия нусхаси таҳририятда мавжуд).
Мазкур микромолия банкининг очилиши июль ойида маълум бўлган ва ўшанда "TAYYAB FINANCE MIKROMOLIYA TASHKILOTI" акциядорлик жамияти биринчилардан бўлиб микромолия банкига трансформация бўлиш учун Марказий банкдан дастлабки рухсатнома олгани айтилганди.
Маълумотларга кўра, микромолия банкининг таъсисчиси ва бошқарув таркиби йирик банкларда ишлашган ва кейинчалик рақамли банкларда тажриба орттирган банк мутахассисларидан иборат.
Қайд этилишича, микромолия банки рақамли банк сифатида фаолият юритиши режалаштирилган ва барча турдаги банк хизматларини кенг тармоқли офисларида кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг февраль ойида қабул қилинган ЎРҚ-1026-сонли қонун билан Ўзбекистонда микромолия банкларини ташкил этишга рухсат берилган эди.
Микромолия банки — бу айрим чекловларни инобатга олган ҳолда банк фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс бўлиб, микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари занжирини боғловчи бўғин ҳисобланади. Ушбу банк устав капиталининг энг кам миқдори 50 млрд сўмни ташкил этади.
Шунингдек, мазкур қонунга мувофиқ, қуйидаги кредит ташкилотлари ўз фаолиятини ўзгартириши мумкин:
- микромолия ташкилоти — микромолия банки фаолиятига;
- микромолия банки — банк фаолиятига;
- банк — микромолия банки фаолиятига;
- микромолия банки — микромолия ташкилоти фаолиятига.
Тартибга кўра, "микромолия банки" учун дастлабки рухсатнома 6 ойга амал қилади ва ушбу муддат ичида тегишли тартиб-таомиллар бажарилади. Кейинчалик "микромолия банки" атамаси ҳам фирма номига қўшилиши лозим.
Аҳолининг молиявий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш, микромолия банкларининг фаолиятини кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириш мақсадида микромолия банкка банк фаолиятини амалга оширишда айрим чекловлар ҳам белгиланган. Уларга кўра микромолия банкларида:
- жисмоний шахслардан омонатга жалб қилинган пул маблағлари миқдори қонунчиликда белгиланган кафолатланган омонат миқдоридан ошмаслиги;
- бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори 5 млрд сўмдан ошмаслиги;
- тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ажратилган кредитларнинг кредит портфелидаги улуши 70 фоиздан кам бўлмаслиги;
- чет эл банкларида ҳисобварақлар очиш, чет эл фуқаролари ва юридик шахсларига уларнинг мажбуриятлари бўйича кафолатлар бериш ҳамда мижозларнинг ташқи савдо операциялари бўйича хизматлар кўрсатиш тақиқланганлиги;
- қарз қимматли қоғозларига инвестициялар банкларнинг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар доирасида фақатгина Марказий банк томонидан белгиланган юқори ликвидли қарз қимматли қоғозларига йўналтирилиши мумкин.
"Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги қонунга кўра, микромолия банки фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия Марказий банк томонидан берилади.
