"Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ (HUMO) 2024 йилда олган 168 млрд 261,6 млн сўм миқдоридаги соф фойдасини тақсимлади. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълумот берилди.
2024 йил якуни бўйича олинган соф фойданинг 32,5 фоизи ёки солиқларни ҳисобга олган ҳолда 54 млрд 685 млн сўми (ҳар бир акция учун 541,21 сўм) давлат улуши бўйича дивидендларни тўлашга йўналтирилади. Бунда кўрсатилган сумма давлат бюджетига ўтказилади.
Соф фойданинг 62,5 фоизи ёки 105 млрд 163,5 млрд сўми компания ихтиёрида қолдирилади. Шунингдек, қолган 5 фоизлик дивиденд (8,4 млн сўм) Жамиятнинг захира фондига йўналтирилади.
Иқтисодчи Отабек Бакиров HUMO хусусийлаштирилганда (2025 йил январь) компания 2024 йилнинг сўнгги икки чорагида давлатга дивиденд тўламагани, HUMO’нинг янги эгасига айланган Paynet компания дивидендларига эга чиқиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.
"Компаниянинг 2024 йил якунигача ишлаб топилган ва тўпланган соф фойдаси давлат ҳисобига ўтиши керак, ахир бу даврда де факто ва де юре компания эгаси давлат бўлган” деб ёзганди Отабек Бакиров.
Кейинроқ, компаниянинг 2024 йилги соф фойдани тақсимлаш бўйича йиғилиши ортга сурилиб борганидан дивидендлар HUMO ихтиёрида қолиши эҳтимоли оша бошлади.
Иқтисодчи шунингдек "давлатга тўланмаган ва Paynet ихтиёрида қоладиган 203,3 млрд сўмлик дивидендлар ҳисобга олинса, Humo 840,3 млрд сўмга эмас (65 млн доллар), 637 млрд сўмга (49 млн доллар) бўлиб тўлаш шартларида "тушиши" мумкинлигини айтганди.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, жамиятнинг ўтган йилги соф фойдаси фақат қисман (32,5 фоиз) давлатга дивиденд тарзда тўлаб берилмоқда.
Миллий банклараро процессинг маркази хусусийлаштирилганидан кейин тарифларни 3 баробаргача оширди. Тарифлар оширилгандан кейин, 2025 йилнинг биринчи ярмида соф фойдаси 73 фоизга, учинчи чоракда эса 88 фоизга ўсди.
Бундан ташқари, HUMO жорий йилдан IT-Park резидентлари қаторига қўшилиб, 7,5 фоизлик солиқ имтиёзидан фойдалана бошлаган. Ўтган тўққиз ойда компания давлатга 14,4 млрд сўм даромад солиғи тўлаган. Бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 7,6 млрд сўмга камроқдир.
Маълумот учун, 2025 йилнинг 13 январь куни "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖнинг 100 фоизлик давлат улуши 65 млн доллар эвазига Paynet компаниясига сотилгани маълум бўлганди.
