Paynet тўққиз ойда 330 млрд сўмдан зиёд соф фойда олди

31.10.2025 12:13

240

“Paynet” АЖ жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 330,5 млрд сўм (тахминан 27,4 млн доллар) соф фойда олди. Компания соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 59 фоизга кўп бўлди.

Фото: Bankers.uz

Корпоратив ахборот ягона портали маълумотларига кўра, “Paynet” акциядорлик жамиятининг 2025 йил 9 ойлик якуни бўйича соф фойдаси 330,5 млрд сўм (МБ курси бўйича тахминан 27,4 млн АҚШ доллари)ни ташкил қилди. Компания соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 123 млрд сўмга ёки 59 фоизга ошган.

Ҳисоботда қайд этилишича, компания соф даромади 1,2 трлн сўмдан зиёдроқни ташкил этган (+55 фоиз). Ўз навбатида, харажатлар ҳам 55 фоизга ошиб, 835,2 млрд сўмга етган.

Ўтган давр мобайнида компания активлари ҳам сезиларли даражада ортди. Компаниянинг жами активлари айни дамда 1,4 трлн сўмни ташкил қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз “Paynet” компанияси ярим йилликда 201 млрд сўм соф фойда олган эди.

Аввалроқ, февраль ойида Paynet қўшимча акциялар чиқариш ҳисобига устав капиталини қарийб 550 млрд сўмга ошириши ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг январь ойида Paynet компанияси HUMO тўлов тизимини 65 млн доллар эвазига сотиб олган эди.

Теглар:

#paynet#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган