"Paynet" акциядорлик жамиятининг 2025 йил I ярмидаги соф фойдаси 201,7 млрд сўмни ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 64,5 млрд сўмга ёки 47 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълумот берилди.
Ҳисоботга кўра, компания даромади 2024 йил тегишли даврига нисбатан 252,3 млрд сўмга ошиб (+50,04 фоиз), 756,5 млрд сўмни ташкил этган.
Ўз навбатида харажатлар ҳам 173 млрд сўмга ортиб, 521,6 млрд сўмга етди.
Компания жами активлари 420,1 млрд сўмга кўпайиб, 1 трлн 262,4 млрд сўмни ташкил қилди.
Мазкур ҳисобот даврида Paynet устав капиталини 10,5 млрд сўмдан 558,1 млрд сўмга оширди. Paynet'нинг устав капиталини ошириш тўғрисидаги қарори HUMO тўлов тизимини бошқарувчи Миллий банклараро процессинг марказининг 100 фоиз акцияларини сотиб олиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида Paynet қўшимча акциялар чиқариш ҳисобига устав капиталини қарийб 550 млрд сўмга ошириши ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг январь ойида Paynet компанияси HUMO тўлов тизимини 65 млн доллар эвазига сотиб олган эди.