Долларнинг расмий курси янги минимумни қайд этди

18.06.2025 18:05

909

Марказий банк томонидан 19 июнь учун эълон қилинган валюталар курсида АҚШ доллари 49 сўм 51 тийинга арзонлашиб, 12 618 сўмни ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг август ойидан бери кузатилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Фото: Hussein Faleh/AFP/Getty Images

Марказий банк 19 июнь кунидан расмий валюталар курсини эълон қилди. Унга кўра АҚШ долларининг курси 49 сўм 51 тийинга арзонлаб, сўнгги 10 ойликдаги энг паст кўрсаткичга тушди.

Эртага эрталабдан АҚШ долларининг сўмга нисбатан 12 618,63 сўмни ташкил қилмоқда. Охирги марта курс 2024 йил 7 августда (12 615,97 сўм) ушбу кўрсаткичга яқин бўлган эди.

Ўзбекистон миллий валютаси бошқа валюталарга нисбатан ҳам сезиларли даражада мустаҳкамланди. Евро курси 124,10 сўм, фунт стерлинг 169,28 сўм, рубль 0,32 сўмга пасайди.

Фото: Марказий банк

Иқтисодчи Миркомил Холбоев сўмнинг мустаҳкамланиши сабабларини тушунтираркан, Ўзбекистоннинг ҳамкор мамлакатлари миллий валютаси қадри ошаётганини ва илк 4 ойдаги юқори даражадаги олтин экспорти миллий валютамиз қиймати ошишига асосий омил бўлганини айтганди.

Марказий банк раиси ўринбосари Аброр Мирзо Олимов эса май ойи бошида Spot’га берган шарҳида 2025 йилда сўм курсининг барқарорлигига пул ўтказмалари оқими кўпайгани ва хорижий инвестициялар ҳажми ошгани таъсир қилаётгани ҳақида гапирган эди.

"Биринчидан, [доллар] курсига пул ўтказмалари оқимининг кўпайиши таъсир қилади. Иккинчидан, бизга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар яхши кириб келмоқда. Учинчидан, биринчи чоракда илгари катта таъсир кўрсатган импорт унчалик ўсмади. Шунингдек, товарлар экспорти, шу жумладан олтин экспорти ҳам ошди," дея тушунтирган Марказий банк раиси ўринбосари.

Маълумот учун, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилда долларнинг йиллик ўртача курси 13 250 сўм бўлишини прогноз қилаётган эди. 2025-2027 йилларга мўлжалланган Бюджетномада миллий валюта курсининг 100 сўмга қадрсизланиши давлат бюджети харажатларини 240 млрд сўмга ошириши мумкинлиги айтилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 14 февраль санасида доллар курси илк бор 13 000 сўмдан ошганди. Шундан сўнг доллар курси кетма-кет 13 кун пасайиш қайд этганди ва икки ҳафта ичида 124 сўмга арзонлаган эди.

Июнь ойи дастлабки декадасида АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси кетма-кет пасайишда давом этиб, 12 646,56 сўмгача тушган эди.

Теглар:

#валюта_курси

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган