Марказий банк расмий валюталар курсини эълон қилди. Унга кўра, 12 июнь санасидан АҚШ доллари ўзбек сўмига нисбатан -27,81 сўмга пасайиб, 12 646,56 сўмни ташкил қилади. Шундай қилиб, жорий ой бошидан бери миллий валютамиз долларга нисбатан 143 сўмга, 2025 йил бошига нисбатан 273,92 сўмга мустаҳкамланди.
27 май куни 12 939 сўмни ташкил этган доллар курси 28 майда -53 сўм, 29 май куни -55 сўм, 30 май куни -62 сўмга пасайди ва 12 768 сўмни ташкил қилди.
Июнь ойи бошида доллар курси кетма-кет уч кун кўтарилди, бироқ 5 июнь санасидан бошлаб доллар курси яна туша бошлади:
- 5 июнь -25,54 сўм, 12 831,81 сўм;
- 9 июнь -54,29 сўм, 12 777,52 сўм;
- 10 июнь -65,47 сўм, 12 712,05 сўм;
- 11 июнь -37,68 сўм, 12 674,37 сўм.
Маълумот учун, охирги марта бундай кўрсаткич 2024 йилнинг сентябрь ойи бошида кузатилган эди.
Сўмнинг мустаҳкамланишига қандай омиллар таъсир кўрсатмоқда?
Иқтисодчи Миркомил Холбоев сўмнинг мустаҳкамланиши сабабларини тушунтираркан, Ўзбекистоннинг ҳамкор мамлакатлари миллий валютаси қадри ошаётганини асосий сабаб сифатида келтирди. Иқтисодчининг ёзишича, сўнгги кунларда ҳамкор давлатлар валюталарининг нисбатан мустаҳкамланиш тенденцияси кузатилмоқда. Хусусан, июнь ойи бошидан буён рублнинг ўртача курси олдинги 6 сессиядаги ўртача курсга нисбатан 0,4 фоизга мустаҳкамланган. Май ойидаги ўртача курсга нисбатан эса 1,5 фоизга мустаҳкамланди.
Тенгенинг ўртача курси майга нисбатан 0,3 фоизга мустаҳкамланган (ой боши ва 10 сана ўртасидаги мустаҳкамланиш эса 0,5 фоиз атрофида). Ҳамкорларимиз валюталарининг мустаҳкамланиши улардан пул ўтказмаларининг ўсишига ва миллий валютамиз мустаҳкамланишига замин яратади, деб ёзди Холбоев.
Иқтисодчига кўра, сўнгги ҳафтада доллар индекси нисбатан барқарор сақланаётган бўлса-да, ҳалигача нисбатан қадрсизланиш фазада қолмоқда. Хусусан, ой бошидан буён бироз 0,1 фоизга қадрсизланган бўлса-да, сўнги бир ойда 2,5 фоиз атрофида қадрсизланганлигини кўриш мумкин. Долларнинг глобал қадрсизланиши эса сўмнинг нисбатан барқарор қолиши ва мустаҳкамланишига замин яратади.
Булардан ташқари, пул ўтказмалари (рубль мустаҳкамланиши фонида тезлашган бўлса керак), олтин ва бошқа экспорт товарларининг ўзгариши, капитал оқими каби омиллар сўм курсининг ўзгаришига таъсир ўтказаётган бўлиши мумкин лекин бу омиллар бўйича маълумотлар ҳозирча мавжуд бўлмаганлиги учун уларнинг аниқ таъсири ҳақида хулоса бериш қийин.
Ой бошидан буён сўмнинг бошқа валюталарга нисбатан ўзгаришига эътибор қаратилса, (6 та сессия), сўм доллардан ташқари иена (0,37 фоизга), фунт (0,31 фоиз) каби захира валюталарига нисбатан мустаҳкамланган. Еврога нисбатан эса барқарор қолган (бироз қадрсизланган). Бу ҳолат глобал тенденцияларнинг сўмга таъсирини кўрсатади. Яъни глобал миқёсда евронинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши кузатилмоқда (ой бошидан буён евро долларга нисбатан 0,8 фоизга мустаҳкамланган, ўртача курс эмас).
Бундан ташқари, сўм қўшниларимиз валюталаридан тенгега нисбатан 0,7 фоизга, сомга нисбатан 0,6 фоизга мустаҳкамланган бўлса, сомонига нисбатан 1,3 фоизга қадрсизланган. Рублга нисбатан эса 0,4 фоизга қадрсизланган бу ҳам минтақавий тенденцияларни ўзида намоён этади. Яъни рублнинг мустаҳкамланиши минтақадаги бошқа валюталарнинг ҳам долларга нисбатан мустаҳкамланишига замин яратмоқда аммо улар рублга нисбатан қадрсизланмоқда.
Шунингдек, илк 4 ойдаги юқори даражадаги олтин экспорти (5,6 млрд доллар) натижасида йиғилиб қолган захиралар ҳам сўмнинг мустаҳкамланишида роль ўйнаётган бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йилда долларнинг йиллик ўртача курси 13 250 сўм бўлишини прогноз қилаётган эди. 2025-2027 йилларга мўлжалланган Бюджетномада миллий валюта курсининг 100 сўмга қадрсизланиши давлат бюджети харажатларини 240 млрд сўмга ошириши мумкинлиги айтилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 14 февраль санасида доллар курси илк бор 13 000 сўмдан ошганди. Шундан сўнг доллар курси кетма-кет 13 кун пасайиш қайд этганди ва икки ҳафта ичида 124 сўмга арзонлаган эди.