Долларнинг расмий курси илк бор 13 минг сўмдан ошди

13.02.2025 16:19

15

Бугун АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 14 сўм 88 тийинга қимматлади ва 13 003,95 cўмни ташкил этди. 2025 йил бошидан бери сўм долларга нисбатан 99,04 сўмга ёки 0,77 фоизга қадрсизланди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк 14 февралдан амал қиладиган валюталар курсини эълон қилди. Унда 1 АҚШ долларининг расмий курси кечаги санага нисбатан 14,88 сўмга кўтарилиб, 13 003,95 cўмни ташкил этди ва илк бор 13 000 сўмлик чегарани босиб ўтди.

2025 йил бошидан бери сўм долларга нисбатан 99,04 сўмга ёки 0,77 фоизга қадрсизланди.

Бугун бир нечта тижорат банклари долларни 13 000 сўмдан қимматроққа сота бошлаган. Ориент Финанс банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Asia Alliance Bank шулар жумласидандир.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025-2027 йилларга мўлжалланган Бюджетномада 2025 йилда долларнинг йиллик ўртача курси 13 250 сўм бўлишини прогноз қилган эди. Маълумотларга кўра, миллий валюта курсининг 100 сўмга қадрсизланиши давлат бюджети харажатларини 240 млрд сўмга ошириши мумкин.

Марказий банк собиқ раиси Мамаризо Нурмуратов сўмнинг 1 фоизга қадрсизланиши инфляциянинг 0,3 фоиз пунктга ошишига олиб келишини таъкидлаган эди.

Маълумот ўрнида, 2024 йил бошидан АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси қарийб 562,23 сўмга ёки 4,56 фоизга ошди. Таққослаш учун, 2023 йилда миллий валютамиз долларга нисбатан 1113,31 сўмга ёки 10,99 фоизга қадрсизланган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ доллар курси илк бор 12 900 сўмдан ошгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар:

#доллар#валюта_курси

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган