Татьяна Асмаковец "Yangi Bank" АЖ бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда банк Кузатув кенгашининг 31 явардаги йиғилиши баённомасида маълум қилинган.
Банк Кузатув кенгаши банк бошқарувининг уч аъзодан иборат янги таркибини шакллантиришни маъқуллади. Улар қуйидагилар:
- Асмаковец Татяна Владимировна — Кичик ва ўрта бизнес департаменти директори;
- Соатов Шерали Мухиддинович — Ғазначилик департаменти директори;
- Дияров Бекзод Лутфиллоевич — Ички назорат ва молиявий мониторинг хизмати раҳбари.
Шунингдек, Татьяна Асмаковец банкнинг бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Татьяна Асмаковецнинг Facebook'даги саҳифасига кўра, у 1984 йил 28 августда туғилган. Фаолияти давомида Альфа Банкда ўрта-корпоратив бизнесни ривожлантириш бўйича директор, Почта Банкда корпоратив бизнес раҳбари, "Банк Открытие"нинг кичик бизнесни ривожлантириш бўйича департамент директори ўринбосари каби лавозимларда ишлаган.
Маълумот учун, 2024 йил якуни бўйича 4 та банк устав капиталини минимал талаб — 500 млрд сўм даражасига етказа олмаган. Улардан бири Yangi bank ҳисобланади. Бундан ташқари, банк 2024 йилни қарийб 32 млрд сўм зарар билан якунлаган. Молиявий зарар 2023 йилга нисбатан 11 баробарга ортган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йил май ойидан Yangi Bank бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келган Светлана Хе "Uzum Bank" АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланганди.