2024 йилда Ўзбекистон банкларининг жами соф фойдаси 2 баробарга камайди — инфографика

17.01.2025 14:16

994

2024 йилда Ўзбекистон тижорат банклари 6,96 трлн сўм соф фойда олди. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичга нисбатан қарийб икки баробарга камдир. Аксарият давлат банкларининг молиявий натижаси ёмонлашган, хусусий банкларда эса, аксинча, ўсиш кузатилган.

Фото: Bankers.uz

Оператив маълумотларга кўра, 2024 йилда Ўзбекистон тижорат банклари 6 трлн 966 млрд сўм соф фойда олди. Бу 2023 йилдаги кўрсаткичга нисбатан қарийб икки баробарга (-43,7 фоизга) камроқ ҳисобланади.

Давлат банклари

Давлат улуши мавжуд банклар 2024 йилни 317,2 млрд сўмлик зарар билан якунлаган. Бунга Микрокредитбанк (-1,7 трлн сўм) ва Бизнесни ривожлантириш банки (-2,2 трлн сўм) фаолиятини катта миқдорда зарар билан якунлагани асосий сабаб бўлган. Шунингдек, Алоқабанк, Агробанк ва Асакабанкларнинг соф фойдаси 2023 йилга нисбатан кескин камайиб кетган.

Соф фойда бўйича ТОП-10 таликда иккита давлат банки — Ўзсаноатқурилишбанк ва Ўзмиллийбанк қайд этилган. Ўзсаноатқурилишбанк 2023 йилга нисбатан қарийб 43 фоизлик ўсиш билан 1,3 трлн сўм соф фойда олган. Шунингдек, Ўзмиллийбанк (+0,3%) ва Халқ банки (+8,1%) молиявий натижасида кичик бўлсада ўсиш кузатилган.

Давлат банкларининг 2024 йилдаги умумий молиявий натижаси банк тизими кўрсаткичлари очиқланаётган даврдан бери энг катта пасайишни қайд этди, дейиш мумкин.

Бошқа банклар

Давлат назоратида бўлмаган банклар йил давомида жами 7,3 трлн сўм соф фойда олган. Соф фойда бўйича ТОП-10'таликнинг саккизтаси хусусий банк ҳисобланади. Давлат улуши бўлмаган банклар орасида Hamkorbank 1,42 трлн сўм соф фойда олган ҳолда етакчи бўлди. Ундан кейинги ўринни Капиталбанк (1,16 трлн сўм) эгаллаган. Бироқ, Капиталбанкнинг молиявий натижаси 2023 йилга нисбатан 29,1 фоизга камайган. Ипак Йўли банки (910,5 млрд сўм) ва Ориент Финанс банкларнинг (901,1 млрд сўм) фойдаси 900 млрд сўмдан ошган.

2023 йил билан солиштирганда фойданинг энг юқори ўсиши TBC Bank'да (+748,5) кузатилган. Шу билан бирга, Octobank (+101,7%) ҳамда Uzum Bank (+121,4%) натижаларида ҳам эътиборга молик ўсиш юз берган.

Шунингдек, нодавлат банкларининг еттитаси йилни зарар билан якунлаган. Улар орасида 2023 йилни 800 млрд сўмдан кўпроқ соф фойда билан тугатган Ипотека банк ҳам бор. Банк 2024 йилни 240 млрд сўмдан кўпроқ зарар кўрган.

2024 йилнинг тўққиз ойлик натижаларига кўра, 1,5 млрд сўм фойдада бўлган Гарант банк йилни 64,3 млрд зарар билан тугатган. Бунга банк янги акциядорга ўтгандан сўнг кредит портфели инвентаризацияси натижасида муаммоли кредитлар бўйича ва бошқа харажатлардан кейин реал ҳолат сабаб бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, Hayot Bank, Yangi Bank, Апекс банк, AVO Bank ва Евроосиё банклари ҳам йилни молиявий зарар билан якунлаган.

Барча банкларнинг 2024 йилдаги молиявий натижаси ва 2023 йил билан солиштирмасини қуйидаги инфографика орқали кўриш мумкин.



Инфографика: Bankers.uz

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ўзбекистонда фаолият олиб борган 35 та банкнинг жами соф фойдаси қарийб 12 трлн 373 млрд сўмни ташкил қилган ва мазкур кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 2,4 баробарга ўсиш қайд этган эди.

Теглар:

#тижорат_банклари#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган