Алоқабанкнинг Бош офиси ва Амалиёт маркази Tashkent City’даги бинога кўчиб ўтди

28.01.2025 13:46

300

2025 йилнинг 27 январь санасидан бошлаб Алоқабанк Бош офиси ва Амалиёт маркази "Tashkent City"да жойлашган 26 қаватли бинода фаолиятини давом эттирмоқда. Банкнинг IT-Park ҳудудидаги биноси сотилган бўлиши мумкин.

Фото: AloqaBank

АТ "Алоқабанк" 2025 йилнинг 27 январь санасидан бошлаб банк Бош офиси ва Амалиёт Ҳудудий комплекс хизматлар кўрсатиш маркази фаолияти “Tashkent City” ҳудудидаги янги бинода давом эттирилишини маълум қилди.

2023 йилнинг декабрь ойидан шу кунга қадар Алоқабанк Бош офиси ва “Амалиёт” маркази Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманидаги IT-парк мажмуасида фаолият юритиб келаётган эди. Алоқабанк вакилининг Bankers.uz'га маълум қилишича, ҳозирда IT-парк ҳудудида жойлашган банк биноси сотилган ва банк Бош офисининг деярли барча бўлинмалари ҳамда "Амалиёт" маркази янги бинога кўчирилган. IT-парк ҳудудида фақатгина тегишли банк хизматлари маркази қолмоқда ва у бинонинг 1-2 қаватларида фаолиятини давом эттиради.

IT Park мажмуасининг Дўрмон йўли ва Олимлар кўчаси кесишмасидан кўриниши / Фото: Президент матбуот хизмати

IT-паркка кўчишдан аввал эса Алоқабанк Бош офиси Тошкент шаҳар Миробод тумани Матбуотчилар кўчасидаги бинода жойлашган эди. 2023 йилнинг октябрь ойида мазкур объект 317,15 млрд сўмга Микрокредитбанкка сотилганди.

Алоқабанкнинг олдинги бош офиси биноси / Фото: Алоқабанк

Алоқабанкнинг “Tashkent City” ҳудудида жойлашган янги Бош офиси биноси 26 қаватдан иборат бўлиб, 81,44 минг квадрат метр майдонга эга. Банк акциядорларининг 2023 йилда бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилиши қарорида келтирилишича, мазкур лойиҳа қиймати солиқ ва йиғимларсиз 145,3 млн долларни ташкил қилади.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, Асакабанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Алоқабанк томонидан "Tashkent City"да қурилган бинолар сотилган ва банклар ушбу иншоотларни яна ижарага олиши мумкин.

"Давактив ҳам, давлат банклари ҳам бир неча юз миллион долларлик қарз маблағлари ҳисобига қурилган биноларнинг сотилгани ва битимлар мазмуни ҳақида расмий баёнот бергани йўқ. Айтишларича, биноларни ихтиёрий-мажбурий равишда сотган давлат банклари ўша биноларни яна ижарага олиб фойдаланишади", деб ёзади иқтисодчи.

Фото: Давактив

Кейинчалик Асакабанк Матбуот хизмати мазкур хабарни рад этди ва бино сотилмагани ҳақида хабар жойлаштирди.

Маълумот учун, “Тashkent City” ҳудудида Алоқабанк, Ўзсаноатқурилишбанк ҳамда Асакабанкдан ташқари Агробанк ва Tenge Bank бош офислари бинолари ҳам фаолият юритмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Tashkent City"да жойлашган учта банк биноларини сотиб олишга 4 нафар хорижлик талабгор қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар берилганди.

Теглар:

#алоқабанк#бош-офис

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган