Алоқабанк бош офиси IT-Park ҳудудидаги бинога кўчиб ўтганини маълум қилди

Алоқабанк бош офиси IT-Park ҳудудидаги бинога кўчиб ўтганини маълум қилди

Фото: BS2

Алоқабанкнинг Бош офиси ҳамда "Амалиёт" маркази 2023 йил 11 декабрдан IT-Park мажмуасидаги замонавий бинода фаолиятини давом эттиради. Бу ҳақда банк расмий телеграм каналида маълум қилинди.

АТ "Алоқабанк" коллегиал органи қарорига мувофиқ банкнинг Бош офиси ва "Амалиёт" маркази 2023 йил 11 декабрдан эътиборан Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мўминов кўчаси, 4 А-уйда жойлашган IT-Park мажмуасидаги замонавий бинога кўчиб ўтишини маълум қиламиз. Биз Сизни янги манзилда кўришдан мамнун бўламиз ва ўз навбатида Сизга сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаймиз.— дейилган банк расмий хабарида.

IT Park мажмуасининг Дўрмон йўли ва Олимлар кўчаси кесишмасидан кўриниши / Фото: Президент матбуот хизмати

Алоқабанкнинг Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Матбуотчилар кўчасида жойлашган аввалги бош офиси биноси жорий йил 11 октябрда тузилган шартномага кўра жами 317,15 млрд сўмга, бўлиб тўлаш шарти билан Микрокредитбанкка сотилган эди. Микрокредитбанк келишилган сумманинг 111,0 млрд сўмини (35 фоизи)ни тўлагандан сўнг, Алоқабанк 20 кун ичида бинони бўшатиб қўйиши кўрсатилган эди.

Алоқабанкнинг олдинги бош офиси биноси / Фото: Алоқабанк

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил апрель ойида Toshkent City мажмуасининг молия маркази қисмида учта давлат банки — Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк ҳамда Алоқабанклар учун офис қурилиши маълум бўлган эди. Бу борада қабул қилинган Президент қарорида (ПҚ-4937) Алоқабанк учун премиум синфида қуриладиган офис биноси қиймати 102 млн. доллар, бинонинг умумий майдони 64 минг кв. метрдан иборат бўлиши кўзда тутилган.

Toshkent City'да қурилаётган Алоқабанк офиси макети

Маълумот учун, 2023 йил 28 декабрь куни бўлиб ўтадиган АТ "Алоқабанк" акциядорларининг умумий йиғилишида банк ва "Shanghai Construction Group Co., LTD" (ХХР) ўртасида 2019 йил 28 июнда тузилган ALOQA/SCG-001-сонли қурилиш пудрат шартномасига қўшимча келишув тузиш тўғрисидаги ҳамда "Tashkent City" ХИМда сотилган 6-лот ҳудудида танланган ер майдонини беғараз ажратиш ҳамда "Tashkent City" дирекцияси тасарруфига ўтказиб бериш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилади.

×