Микрокредитбанк Тошкент марказидаги Алоқабанк ва Рақамли технологиялар вазирлиги биноларини сотиб олди

Микрокредитбанк Тошкент марказидаги Алоқабанк ва Рақамли технологиялар вазирлиги биноларини сотиб олди

Фото: E-AUKSION

Тошкент шаҳри марказидаги Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда АТ "Алоқабанк"га қарашли бўлган бинолар тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали "Микрокредитбанк" АТБга сотилди. Тегишли олди-сотди шартномалари Ўзбекистон Товар хом-ашё биржасининг махсус онлайн платформаларига жойлаштирилган.

Рақамли технологиялар вазирлиги биноси

Бино Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 4-уй манзилида жойлашган. Умумий майдони 8 346,0 кв.м., маъмурий бино ва иншоотлари майдони 3 666,0 кв.м. Олди-сотди шартномаси 2023 йил 11 октябрь куни тузилган бўлиб, бино жами 69,85 млрд (69 853 905 151,80) сўмга сотилган.

Бунда Микрокредитбанк 24,45 млрд сўм (ёки жами олди-сотди суммасининг 35 фоизи)ни шартнома кучга киргандан 1 ой муддатда, қолган 45,41 млрд сўмни эса ҳар ойга 3,78 млрд сўмдан жами 12 ой давомида, 2024 йил 10 ноябргача бўлиб тўлаши керак бўлади.

Скриншот: Рақамли технологиялар вазирлиги ва Микрокредитбанк ўртасида тузилган шартнома / xarid.uzex.uz

Алоқабанк бош офиси

Ҳозирда Алоқабанк бош офиси сифатида фойдаланилаётган бино Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Матбуотчилар кўчасида жойлашган. Объектнинг умумий фойдаланиш майдони 7345 кв.м., амалдаги умумий фойдаланиш майдони 3834 кв.м., қурилиш ости майдони: 1942 кв.м., фойдаланиш майдони эса 4968,36 кв.м.ни ташкил қилади.

Алоқабанк биноси бўйича олди-сотди шартномаси ҳам жорий йил 11 октябрда 317,15 млрд (317 146 660 950) сўмга тузилган. Шартнома баҳосининг 35 фоизи — 111,00 млрд сўм 30 календарь кунида тўланиши керак. Ушбу тўлов амалга ошгандан кейин 20 кун ичида (тахминан 1 декабргача) Алоқабанк бинони бўшатиб беради.Қолган 206,15 млрд сўм тўлов қуйидаги графикка асосан амалга оширилади:

Скриншот: Алоқабанк ва Микрокредитбанк ўртасида тузилган шартнома / xarid.uzex.uz

Бекор қилинган олди-сотди

2023 йил 4 апрелда Алоқабанк бош офиси "E-AUKSION" электрон савдо платформасида самарқандлик тадбиркор Хуршид Тўраевга қарашли "Black Gold Industry News" МЧЖга 317,15 млрд сўмга сотилган эди. Айни компания Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (ҳозирги Рақамли технологиялар вазирлиги) биносини ҳам 69,85 млрд сўмга сотиб олганлиги айтилган.

Ўша вақтда Алоқабанк 3 апрель куни "Black Gold Industry News" МЧЖга "кўчмас мулк ва асосий воситалар сотиб олиш учун 180 ойга, йиллик 14% шартлари асосида" 390 млрд сўм миқдорида кредит ажратганлиги ҳақида хабарлар эълон қилинган. Бироқ, кейинчалик, 4 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов ушбу олди-сотди бекор қилинганини маълум қилган эди.

×