Ўзмиллийбанк 2024 йилни 1,72 трлн сўм фойда билан якунлади. Бу 2023 йилга нисбатан 5 млрд сўмга кўпроқдир. Бу ҳақда банкнинг молиявий ҳисоботида эълон қилинди.
Инфографика: Bankers.uz
2024 йилнинг тўққиз ойи натижаларига асосан банк Ўзбекистон банклари орасида энг кўп — 1,38 трлн сўм соф фойда олган ва ўсиш 11,1 фоизга тенг бўлганди. Бироқ, 2024 йил якунлари бўйича йиллик ўсиш 0,33 фоизни ташкил қилди.
Банкнинг активлари 2023 йилга нисбатан 5,95 фоизга ўсиб, 135 трлн сўмга етган. Шунингдек, жами капитал 5,7 фоизга ёки ошди ва 18,9 трлн сўмга тенг бўлган.
2024 йил давомида банкнинг устав капитали 774,6 млрд сўмга ортиб, йил якунида банкнинг устав капитали 16,25 трлн сўмни ташкил қилди.
Банкнинг операцион харажатлари 21 фоизга ўсди (жами 2 трлн 257 млрд сўм), иш ҳақи ва ходимларга қилинган бошқа харажатлар эса 15,9 фоизга ўсди (жами 1 трлн 134 млрд сўм).
Аввалроқ Ўзмиллийбанк 2024 йилда 1,4 трлн сўмдан кўпроқ солиқ тўлаб, энг кўп солиқ тўлаган давлат улуши мавжуд ташкилотлар рўйхатида 9-ўринни, банклар орасида 1-ўринни эгаллагани ҳақида хабар берган эдик.
Ой бошида Ўзмиллийбанк масъулияти чекланган жамият шаклида "Milliy Mikromoliya Tashkiloti" компаниясини таъсис қилгани маълум бўлганди. Мазкур компания микромолия фаолиятидан ташқари факторинг хизматларини ҳам мижозларга таклиф қилиши айтилганди.