Фото: Bankers.uz
Марказий банк 21 ноябрдан амал қиладиган валюталар курсини эълон қилди. Унда АҚШ долларининг расмий курси кетма-кет тўртинчи кун кўтарилиб, 12 855 cўмни ташкил этди. Шу тариқа доллар курси бир ҳафта ичида 3 марта рекорд даражада қимматлашди.
Доллар курси 20 октябрдаги кўрсаткичга нисбатан 11,93 сўмга ошди. Шундай қилиб, жорий йил бошидан бери сўм долларга нисбатан қарийб 517 сўмга ёки 4,02 фоизга қадрсизланди.
Бир нечта банкларда доллар 12 900 сўмдан қимматроққа сотила бошлади. Хусусан, 20 ноябрь куни бир доллар Агробанк, Туронбанк, Orient Finans Bank’да 12 900 сўм, InFinBankʻда 12 905 сўмдан сотилди. Мақбул валюта курсларини Octobank (12 860 сўм) ва Капиталбанк (12 865 сўм) таклиф этмоқда.
Маълумот ўрнида, 2025 йилда долларнинг йиллик ўртача курси 13 250 сўм бўлиши прогноз қилинмоқда. 2025-2027 йилларга мўлжалланган бюджетномада айтилишича, миллий валюта курсининг 100 сўмга қадрсизланиши давлат бюджети харажатларини 240 млрд сўмга ошириши мумкин. Шунингдек, доллар курсининг ошиши инфляцияга таъсир қилади. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг таъкидлашича, сўмнинг 1 фоизга қадрсизланиши инфляциянинг 0,3 фоиз пунктга ошишига олиб келади.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи ўртасида доллар курси илк марта 12 800 сўмлик чегарани босиб ўтган эди.