"Garant bank" акциядорлик жамиятининг асосий акциядори ўзгарди. Корпоратив ахборот ягона порталидаги маълумотларга кўра, 2022 йил бошидан бери банкнинг асосий акциядори ҳисобланган Рауф Камилджанов банкдаги ўзининг жами 99 фоиздан ортиқ улушини жорий йил ноябрь ва декабрь ойларидаги битимлар натижасида Азиз Ахраровга сотган.
Янги акциядор ҳақида
Азиз Ҳамидуллаевич Ахраров 1981 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент кимё-технология институтининг бакалавр ҳамда магистратура босқичларини тамомлаган. Шунингдек, 2016 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетида иккинчи олий маълумотга эга бўлган. А.Ахраров ўз фаолияти давомида қатор йирик иқтисодий лойиҳаларда иштирок этган. Шунингдек, А.Ахраров тижорат банки кузатув кенгаши аъзоси сифатида ҳам фаолият юритган.
Аввалги акциядор ҳақида
2022 йилнинг февраль ойидан бошлаб банкнинг 99,26 фоиз акцияларига Рауф Мирзаевич Камилджанов эгалик қилган. У 2021 йилнинг 29 ноябрида собиқ Савдогарбанкнинг 53,52 фоиз улушини сотиб олган, кейинчалик, 2022 йил 24 февралда ўз улушини 99,26 фоизга етказганди. Ўша пайтда Рауф Камилджанов бир нечта йирик тадбиркорлик субъектлари, хусусан, "DARVOZA SAVDO" МЧЖ ("Makro" чакана савдо дўконлари тармоғи) ва бошқа йирик компанияларда таъсисчи бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Банк Кузатув кенгашидаги ўзгаришлар
2024 йил 6 декабр куни "Garant bank" АЖ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда бир нечта масала, хусусан, банк Кузатув кенгаши аъзоларининг ваколатини муддатидан олдин тугатиш ва янги таркибда сайлаш масаласи кўриб чиқилди.
Қуйидаги шахслар Garant bank Кузатув кенгашининг янги аъзолари сифатида сайланди:
- Ахраров Азиз Хамидуллаевич, “GARANT MALIK INVEST” МЧЖ директори ўринбосари;
- Эржан Булут, “Зираат банк” Кенгаши маслаҳатчиси (мустақил аъзо);
- Таджиев Авазхон Асадуллаевич, "CARVILLE CA" МЧЖ молиявий директори (мустақил аъзо), миноритар акциядорлар манфатларини ифода этади;
- Мавлянов Зафар Сахибович, “NEW SILK ROAD AND GAS” МЧЖ директори (мустақил аъзо);
- Мухитдинов Мақсаджон Мансурович, “Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ раисининг биринчи ўринбосари;
- Шакиров Фаррух Мансурович, “INTERHOTEL” МЧЖ директорининг биринчи ўринбосари (мустақил аъзо);
- Василев Владимир Владимирович “OCTO” МЧЖ Техник директори;
- Шержанов Дониёр Сапарбаевич, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ғазначилик хизмати қўмитаси раҳбар котиби;
- Ли Цзыцзянь, “Beijing Fengruixiang Information Technology Co, Ltd” Президенти, Бош директори (мустақил аъзо).
Банк Кузатув Кенгашининг янги аъзолари Марказий банк билан келишилганидан сўнг лавозимга киришади, шу муносабат билан, кенгашнинг собиқ аъзолари — Иқбол Мамаджанов, Ирина Цой, Халик Насиров, Мирнодим Раджапов, Нодир Ҳайдаров, Муаттар Шахабутдинова ва Дилшод Вафаевлар янги Кузатув кенгаши аъзоларига Марказий банк розилиги олингунга қадар банк Кузатув Кенгашида фаолиятини давом эттиради.
Бу ўзгаришлар Garant bank'нинг молиявий бозордаги мавқеини янада мустаҳкамлаш ва мижозлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган. Банкнинг янги раҳбарлик саҳифаси ривожланишнинг янги босқичини бошлаб бериши кутилмоқда. - дейилади банк хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Octobank Амалиёт бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаб келган Кодир Мухлисбекович Адилов "Гарант банк" АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланганди.