Иккита ҳудудда кредит олиб бериш эвазига пора талаб қилган ҳоким ёрдамчилари ушланди

05.11.2024 11:29

457

Timer  png5 дақиқада ўқилади
Навоий ва Андижон вилоятларида фуқароларга кредит олиб беришни ваъда қилиб, эвазига пора олган ҳоким ёрдамчилари ушланди.


Навоий ва Андижон вилоятларида фуқароларга кредит олиб беришни ваъда қилиб, эвазига пора олган ҳоким ёрдамчиси ва собиқ ҳоким ёрдамчиси ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

ДХХнинг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Навоий шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари қўлга олинди. У фуқарога Хатирчи туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида банкдан 100 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган ва эвазига 20 млн сўм олгани айтилди.

Шунингдек, тезкор тадбирда муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси ўз хизмати учун 10 млн сўм ҳамда Хатирчи туманидаги банк мутахассиси эса тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, кредит маблағи ажратиб бериш эвазига 2 млн сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Бундан ташқари, Андижон вилояти Шаҳрихон туманида ҳоким ёрдамчиси ўз мансаб ваколатини суистеъмол қилгани аниқланган. У тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога банкдан 100 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратишда ёрдам бериш эвазига 9 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 214-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот ўрнида, ҳоким ёрдамчилари ваколатига кўра, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш учун турли йўналишлар бўйича кредитлар ва субсидиялар ажратиш учун масъул идора ва ташкилотларга ўз тавсиясини беради.

Сўнгги пайтларда кузатилаётган коррупциявий ҳолатлардан кейин ҳоким ёрдамчиси лавозими жамоатчилик томонидан танқид остига олинмоқда.

"...юқори даражада коррупциялашган занжирларнинг энг қуйи бўғинида қолган ҳоким ёрдамчилари воситачи ва навбатчи айбдорга ҳам айланиб бормоқда. Балки мана энди ҳоким ёрдамчиларига 3 йиллик меҳнатлари учун раҳмат айтиб, озодликка қўйиб юбориш пайти келгандир?", - деб ёзганди иқтисодчи Отабек Бакиров.

Аввалроқ Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси фуқароларнинг хабардорлигисиз уларнинг номига кредит расмийлаштириб келгани аниқланган эди. Август ойида эса Шаҳрисабзда ҳоким ёрдамчиси 1,2 млрд сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилгани маълум бўлди.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган