Фото: Screenshot/Bankers.uz
APEX BANK дастлаб анъанавий шаклда ва рақамли банк хизматларини уйғунлаштирган ҳолда хизмат кўрсатишни бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда банк бошқарув раиси Бахром Нуъмонов ўтган ҳафта бўлиб ўтган UZCARD FORUM-2024 тадбирида Bankers.uz нашрига берган интервюсида айтиб ўтди.
"Биз ўзимизни "phigital" банк деб атаймиз, "digital" эмас. Ҳам физик, ҳам рақамли деган маънода. Буни тушунтирадиган бўлсам, биз ҳамма маҳсулотларимизни рақамли каналлар орқали тақдим қиламиз. Лекин банк офислари орқали ҳам шу хизматларни амалга оширамиз", - дея таъкидлади банк раиси.
Унинг айтишича, Ўзбекистон бозори айрим объектив сабабларга кўра ҳозирчалик банк хизматларини бутунлай рақамлаштиришга ҳали тайёр эмас. Фақатгина Тошкент шаҳрида ёки вилоят марказларида шароит мавжуд бўлиб, лекин чекка ҳудудларга ҳам рақамли банк хизматларини етказиб боришга бироз вақт керак бўлади. Шунинг учун, банк ҳозирда рақамлаштиришдан ташқари, айрим жойларда офислар очиш орқали хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, банк бошқарув раиси кейинчалик шарт-шароитлар ўзгариши билан тўлиқ рақамли банкка ўтишга тайёргарлик кўриб кетилаётганини таъкидлади.
Б.Нуъмонов айни пайтда банкнинг Тошкент шаҳрида учта савдо офислари фаолият олиб бораётганини қайд этди. Бу офисдар асосан катта йирик савдо мажмуаларида жойлашган. У ерда корпоратив ва чакана мижозларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, яна ўзига яраша йўналишларимиз бор. Уни кейинчалик, худо хоҳласа, яна сизга Grand Opening деймиз, очилгандан кейин кўпроқ аҳолига етказишга ҳаракат қиламиз. Ҳозирча, "friends and family" (дастлабки босқичда дўстлар ва қариндошлар ёрдами билан ишлаш методи - таҳр.) тартибда ишлаймиз, секин-секин бундан чиқиб, бошқа мижозларни ҳам жалб қилиб, хизматларни кўрсатиб борамиз. Бу икки йўналишда, яъни корпоратив ва чакана мижозларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган йўналишда олиб борамиз, дея таъкидлади банк бошқарув раиси.
Маълумот учун, APEX BANK 2023 йилнинг март ойида банк фаолиятини амалга ошириш бўйича лицензия олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2021-2023 йилларда Uzum Bank бошқаруви раиси биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган Шароф Икрамов ҳамда 2022-2024 йилларда мазкур банкда бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаган Тимур Эмирсалиевлар "APEX BANK" АЖ бошқаруви раисига ўринбосарлар этиб тайингани айтилганди. Шунингдек, хорижлик мутахассис Моҳамад Мрад Талал ҳамда Asia Alliance Bank собиқ бошқаруви раиси Сергей Гимадиев ҳам ушбу банк бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланган.
Тасодифий хабарлар
25-26 май кунлари Тошкентда иккинчи халқаро ПЛАС-форум бўлиб ўтади
Андижонда пора талаб қилган банк бошқарувчиси ушланди
"XALQ 25 QUIZ" интеллектуал ўйинларининг навбатдаги ўйини Наманган вилоятида бўлиб ўтди