Бешта банк ҳамон устав капиталини минимал талаб даражасига етказмаган

Бешта банк ҳамон устав капиталини минимал талаб даражасига етказмаган

Фото:logirus.ru

Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йил 1 октябрь ҳолатида бешта банкнинг устав капитали 350 млрд сўмга етмаган. "Банклар ва банк фаолияти" тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларга биноан 2024 йилнинг 1 апрелидан тижорат банклари устав капиталининг энг кам миқдори 350 млрд сўм этиб белгиланган.

Bankers.uz'да мавжуд маълумотларга кўра, Hayot Bank, Гарант банк, Янги банк, Пойтахтбанк ҳамда Эрон Содерот банклар устав бўйича талабни бажарамаган. 1октябрь ҳолатида ушбу банкларнинг устав капитали қуйидагича миқдорни ташкил қилмоқда:

  1. Hayot Bank — 298 млрд сўм;
  2. Гарант банк — 230 млрд сўм;
  3. Янги банк — 200 млрд сўм;
  4. Пойтахт банк — 100 млрд сўм;
  5. Эрон Содерот банк — 64 млрд сўм.

Банклар томонидан қўлланилаётган чоралар

Hayot Bank учинчи чорак давомида устав капиталини 98 млрд сўмга оширишга эришган. Банк томонидан 19 март куни устав устав капитали миқдорини ошириш учун 150 млрд сўмлик қўшимча акциялар чиқарилганди.

Гарант банк акциядорларининг ўтган йил 29 ноябрдаги йиғилишида банк устав капиталини 350 млрд сўмга етказиш учун қўшимча 120 млрд сўмлик акциялар чиқариш бўйича қарор чиқарган. 7 февраль куни акциялар давлат рўйхатидан ўтказилган.

Март ойида "Пойтахт банк" АЖ хусусийлаштириш билан боғлиқ музокаралар давом этаётгани, устав капиталини ошириш масаласи банкнинг янги инвесторига талаб сифатида қўйилиши кўзда тутилгани боис, ушбу вазифа бўйича ишлар амалга оширилмаётганини маълум қилганди. 25 июнь куни Бирлашган Араб Амирликларининг "Bond Investments limited LLC" компанияси Пойтахтбанкни 10 млн АҚШ долларига сотиб олиш бўйича келишувга эришган. Эслатиб ўтамиз, устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлган банклар норезидентларга давлат улушини тўлиқ сотиш орқали хусусийлаштирилганда Марказий банк бошқаруви банк устав капиталини энг кам миқдорга мувофиқлаштириш бўйича белгилангандан бошқа муддатларни ўрнатишга ҳақли эканлиги кўрсатилган.

Қолган иккита банк - Yangi bank ва Эрон Содерот банк томонидан қўшимча акциялар эмиссия бўйича маълумотлар мавжуд эмас.

Март ойининг охирида 6 та банкнинг устав капитали 1-чорак якунига кўра минимал талабга етмай қолгани ҳақида хабар берилганди. Октябрь ойи бошига келиб "Мадад Инвест Банк" АЖнинг (Mybank бренди эгаси) устав капитали 350 млрд сўмга етказилган.

Марказий банк муносабати

Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Bankers.uz нашри вакили МБ раиси Мамаризо Нурмуратовдан устав капиталини минимал талабга етказмаган банкларга нисбатан қандай санкциялар қўлланиши мумкинлиги бўйича берган саволига МБ раҳбари ушбу банкларнинг Кузатув кенгаши томонидан тегишли мажбуриятлар олингани, улар томонидан қаердан пул келиши бўйича тушунтиришлар берилгани ҳақида айтганди. Кейинчалик Марказий банк тўртта банкнинг аҳоли билан ишлаш ва омонатлар бўйича операцияларига чеклов ўрнатгани маълум бўлганди. Бироқ, ижтимоий тармоқлар ва бошқа платформаларда юқоридаги банкларнинг омонат маҳсулотлари рекламасини кўриш мумкин.

Янги йилдан талаблар янада кучаяди

2025 йилнинг 1 январидан тижорат банклари устав капиталининг энг кам миқдори 500 млрд сўм бўлиши талаб этилади. Ҳозирча 14 та банкнинг устав капитали ушбу миқдорга етмаган. Регулятор раҳбари юқоридаги йиғилишда бунга ҳам изоҳ бериб ўтган эди.

"Ҳақиқатдан ҳам тўғри. Бу банклар устав капитални тўлдиришнинг асосий манбаси сифатида тақсимланмаган фойда ва бу йил кутилаётган фойдасидан тўлдириш бўйича ўзларига мажбурият олишган. Биз ҳозир хавфли ёки талабни бажармаслик ҳолатини кўрмаяпмиз." — деганди Мамаризо Нурмуратов.

Эслатиб ўтамиз, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 54-моддасига кўра, банк устав капитали миқдори банк устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан белгиланган талабга мувофиқ эмаслиги "қўпол қоидабузарлик" сифатида малакаланади.

×