Олтита банк устав капиталини минимал талаб даражасига етказмади

Олтита банк устав капиталини минимал талаб даражасига етказмади

Фото: Bankers.uz

"Банклар ва банк фаолияти" тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларга биноан 2024 йилнинг 1 апрелидан тижорат банклари устав капиталининг энг кам миқдори 350 млрд сўм этиб белгиланган. Марказий банк тақдим этган маълумотга кўра, 2024 йил 1 апрель ҳолатига 5 та банк устав капитали 350 млрд сўмга етмаган. 

Bankers.uz маълумотларига асосан 6 та банк - Мадад Инвест банк, Hayot bank, Garant bank, Янги банк, Пойтахт банк ва Эрон Содерот банкларнинг устав капитали 1-чорак якунига кўра минимал талабга етмай қолган.

Аввалроқ, Bankers.uz 2024 йил 1 март ҳолатига 9 та банк устав капитали юқоридаги талабга жавоб бермаслиги ҳақида ёзган ва ушбу банкларга боғланган эди. "Garant bank" АЖ ҳамда "Yangi Bank" АЖ вакиллари устав капиталини минимал талаб даражасига етказиш бўйича чоралар кўрилаётганини, бироқ ушбу банклар 1 апрель санасига мазкур талабни бажара олмаслигини маълум қилганди. Бундан ташқари, "Пойтахт банк" АЖда хусусийлаштириш билан боғлиқ музокаралар давом этаётгани, устав капиталини ошириш масаласи банкнинг янги инвесторига талаб сифатида қўйилиши кўзда тутилгани боис, ушбу вазифа бўйича ишлар амалга оширилмаётгани айтилган.

15 март куни "Мадад Инвест Банк" АТБ ва 19 март куни "Hayot Bank" АЖ устав капиталини 350 млрд сўмга етказиш мақсадида 150 млрд сўмлик қўшимча акциялар чиқарган. Бироқ ушбу банклар 1 апрелга қадар устав капиталини оширишга улгурмаган. Шунингдек, Эрон Содерот банк устав капитали эса ҳамон 64 млрд сўм бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, иқтисодчи Отабек Бакиров устав капиталини белгиланган талабга етказа олмаган тижорат банклари микромолия банкларига айланишлари мумкинлиги ҳақида ёзганди.

×