Устав капитали бўйича талабни бажармаган банкларга қатъий санкциялар қўлланиладими?

Устав капитали бўйича талабни бажармаган банкларга қатъий санкциялар қўлланиладими?

Фото: Марказий банк матбуот хизмати

"Банклар ва банк фаолияти" тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларга биноан 2024 йилнинг 1 апрелидан тижорат банклари устав капиталининг энг кам миқдори 350 млрд сўм этиб белгиланган. 

Марказий банк тақдим этган маълумотга кўра, 2024 йил 1 июль ҳолатига 5 та банк устав капитали 350 млрд сўмга етмаган. Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Bankers.uz нашри вакили МБ раиси Мамаризо Нурмуратовдан устав капиталини минимал талабга етказмаган банкларга нисбатан қатъий санкциялар қўлланиши мумкинлиги бўйича савол берди.

Bankers.uz нашри бош муҳаррири Исмоил Туропов. Фото: Марказий банк матбуот хизмати

Мамаризо Нурмуратовнинг таъкидлашича, устав капитали 350 млрд сўмга етмаган тўртта банкнинг Кузатув кенгаши томонидан мажбуриятлар олинган, улар томонидан қаердан пул келиши бўйича тушунтиришлар берилган. Марказий банк буларни инобатга олган, шу билан бирга ушбу тўртта банкнинг аҳоли билан ишлаш ва омонатлар бўйича операцияларига чеклов ўрнатган.

Шунингдек, 2025 йилнинг 1 январидан тижорат банклари устав капиталининг энг кам миқдори 500 млрд сўм бўлиши талаб этилади. 1 июль ҳолатида 14 та банкнинг устав капитали ушбу миқдорга етмайди. Регулятор раҳбари бунга ҳам изоҳ бериб ўтди.

"Ҳақиқатдан ҳам тўғри. Бу банклар устав капитални тўлдиришнинг асосий манбаси сифатида тақсимланмаган фойда ва бу йил кутилаётган фойдасидан тўлдириш бўйича ўзларига мажбурият олишган. Биз ҳозир хавфли ёки талабни бажармаслик ҳолатини кўрмаяпмиз." — деди Мамаризо Нурмуратов.

Аввалроқ Bankers.uz 2024 йил 1-чорак якунига кўра 6 та банк - Мадад Инвест банк, Hayot bank, Garant bank, Янги банк, Пойтахт банк ва Эрон Содерот банкларнинг устав капитали минимал талабга етмай қолгани ҳақида ёзган эди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк май ва июнь ойларида 11 та банкка нисбатан жарима санкциясини қўллаганди.

×