Июнь ойида ҳам Марказий банк 11 та банкка жарима санкциясини қўллади

Июнь ойида ҳам Марказий банк 11 та банкка жарима санкциясини қўллади

Июнь ойида Марказий банк 11 та банк, 1 та микромолия ташкилоти ва 1 та ломбардга нисбатан жарима санкцияси қўллади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан жорий йилнинг июнь ойидаги йиғилишларида (7 марта) 42 та масала кўрилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилингани таъкидланди.

Жумладан, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 14 та масала – Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган текширишлар натижалари ҳам муҳокама қилинди. Марказий банк томонидан ўрнатилган иқтисодий меъёрлар талабларига риоя қилинмаганлиги ҳамда регуляторга тақдим этилган маълумотларда ноаниқликларга йўл қўйилганлиги ва текшириш натижаларида аниқланган қоидабузарликлар учун 11 та банк, 1 та микромолия ташкилоти ва 1 та ломбардга нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.

Шунингдек, рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 28 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (5 та), микромолия ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш (2 та), микромолия ташкилотларига берилган лицензияларни қайта расмийлаштириш (9 та), микромолия ташкилотларига берилган лицензияларни чақириб олиш (1 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (1 та) ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқишга доир (10 та) масалалар кўрилди.

Бундан ташқари, Қўмита томонидан банк тизими барқарорлигини сақлаш, омонатчилар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тамойилидан келиб чиқиб, тижорат банклари бошқарувлари ва микромолия ташкилотлари раҳбариятларига аниқланган камчиликларни тузатиш, улар бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф этиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга риоя қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилгани қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, май ойида ҳам Марказий банк 11 та банкка нисбатан жарима санкциясини қўллаганди.

×