Марказий банк май ойида 11 та банкка нисбатан жарима санкциясини қўллади

Марказий банк май ойида 11 та банкка нисбатан жарима санкциясини қўллади

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси май ойида 11 та банкка жарима санкциясини қўллади ҳамда 3 та банк чора кўрилиши тўғрисида огоҳлантирди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.

Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси ой давомида жами (7 марта) 47 та масалани кўриб чиқди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилди. Хусусан, тижорат банклари ва микромолия ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган қоидабузарликлар, яъни банк кафолатлари тўғрисидаги маълумотларнинг Кредит ахборотининг давлат реестрига тўлиқ юборилишини таъминламаганлиги ҳамда очиқ валюта мавқеи бўйича ўрнатилган лимитларга амал қилмаганлиги учун 3 та банк чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Шунингдек, “PAYMENT AGGREGATION SYSTEMS” ва “YURT PAY” масъулияти чекланган жамиятлари таъсисчилари томонидан ташкилотлар фаолиятини тўхтатиш бўйича қарорга келингани сабабли уларнинг лицензиясини чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилинди ҳамда амалдаги қонунчилик ва Марказий банк томонидан ўрнатилган иқтисодий меъёрлар талабларига риоя қилинмаганлиги ва аниқланган қоидабузарликлар учун 11 та банкка нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.

Бундан ташқари, Банк назорати қўмитаси томонидан рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 36 та, хусусан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (2 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (2 та), микромолия ташкилотлари фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритиш (2 та), микромолия ташкилотларига берилган лицензияларни қайта расмийлаштириш (13 та), тўлов ташкилотларига берилган лицензияни чақириб олиш (2 та), микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатига олиш (2 та) ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (13 та) билан боғлиқ масалалар кўрилди.

Кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир 11 та масала Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган текширишлар натижалари ҳам муҳокама қилинди.

1 та микромолия ташкилотида ўтказилган инспекция текшируви натижасида аниқланган қоидабузарликлар учун жамиятнинг кредитлаш операцияларини амалга ошириш фаолияти уч ой муддатга чекланди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк апрель ойида 9 та банкка жарима қўллаганди.

×