Фото: Podrobno.uz
Президентнинг 2023 йил 30 ноябрдаги ПҚ-381 - сонли "Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар орқали содир этилган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Қарорда рақамли иқтисодиётни янада ривожлантириш, рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар орқали содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш, шунингдек, аҳолининг рақамли молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида қатор чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Хусусан, Қарорга кўра, 2024 йил 1 июлдан бошлаб тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини фақат акциядорлик жамияти шаклида яратиш ва амалга оширишга қўйиладиган талаблар киритилмоқда.
Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг устав капиталининг минимал миқдори:
- 2024 йил 1 июлдан тўлов тизими операторлари учун 50 млрд сўм, тўлов ташкилотлари учун 10 млрд сўм;
- 2025 йил 1 июлдан тўлов ташкилотлари учун – 20 млрд сўм қилиб белгиланмоқда.
Шу билан бирга Президент қарорида "Миллий банклараро протцессинг маркази" МЧЖ (HUMO тўлов тизими) устав капиталидаги давлат улуши тўлиқ ҳолда Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади. Электрон тижоратни тартибга солиш ва ривожлантириш ҳамда лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини тартибга солиш функциялари эса Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига ўтказилади.
Ўғирлик, фирибгарлик ва бошқа жиноятларнинг ўз вақтида олдини олиш мақсадида Марказий банк манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан фуқароларга онлайн хизматлар кўрсатишда техник ҳимоя усулларини такомиллаштириш, антифрод тизимларини жорий этиш, кетма-кет уч ёки ундан ортиқ ўтказмалар назоратини автоматлаштириш, банк карталаридан фойдаланишни ҳамда жисмоний шахслар ўртасида катта миқдордаги пул ўтказмаларини қўшимча биометрик ва бошқа ҳимоя чораларини қўллаган ҳолда назорат қилиш механизмларини жорий этиш юклатилмоқда.
Қарор иловаси билан рақамли технологиялар орқали содир этилган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш ва рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича "Йўл харитаси" ҳам тасдиқланмоқда.
Шунингдек, Қарорга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи мутасадди вазирлик ва ташкилотларга кибержиноятларни аниқлаш ҳамда тергов жараёнларини олиб бориш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш вазифалари ҳам юклатилмоқда. Бундан ташқари, киберхавфсизлик бўйича кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ блогер Никита Макаренко 2023 йилда ўзбекистонликларнинг банк карталаридан 300 млрд сўмдан ортиқ маблағ ўғирланган бўлиши мумкинлиги ҳақида айтган эди.
Тасодифий хабарлар
Май ойида сўмнинг реал алмашув курси рубль ва тенгенинг мустаҳкамлангани сабабли қадрсизланди
Микрокредитбанк 50 млн евролик кредит линиясини жалб қилди
Ипотека банкда бошқарув раиси ўзгарди