UZCARDнинг 2023 йилдаги соф фойдаси 636 млрд сўмни ташкил қилди

20.06.2024 07:36

827

UZCARD тўлов операторининг 2023 йилдаги соф фойдаси 51,6 млн доллар {636,7 млрд сўм} ни ташкил этди, бу 2022 йилга нисбатан 47,2% га кўпроқ ҳисобланади

Фото: UZCARD

"Ягона умумреспублика процессинг маркази" АЖ (собиқ "Ягона умумреспублика процессинг маркази" МЧЖ) — UZCARD тўлов тизими операторининг 2023 йилдаги соф фойдаси МҲХС бўйича 51,6 млн долларни {636,7 млрд сўм, 2024 йил 1 январдаги расмий курс бўйича - таҳр} ташкил этди, бу аудитланмаган 2022 йилга нисбатан 47,2 фоизга кўпроқ ҳисобланади. Бу ҳақда "KAP DEPO" инвестиция компаниси Телеграм каналида эълон қилинди.

Манба: KAP DEPO

2023 йилда компаниянинг соф тушуми 2022 йилга нисбатан 43,4% га ошиб, 77,8 млн долларга етган. Йил давомида компания активлари 26,1 фоизга ўсган ва 43,5 млн долларни ташқил қилган.

Аввалроқ, 2024 йилнинг 9 апрель куни “Ягона умумреспублика процессинг маркази”нинг мулкчилик шакли МЧЖдан АЖга ўзгаргани ҳақида хабар берилганди. Эндиликда ташкилотнинг расмий сайтида кўпроқ маълумотлар: молиявий ҳисоботлар, ходимлар ва бошқарув тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, ташкилотнинг устави, миссияси, ривожланиш стратегияси, йиллик ҳисоботи, шунингдек бошқа муҳим ҳужжатлар жойланиши айтилганди. Корпоратив ахборот ягона порталида аллақачон компаниянинг устави жойланган. Унга кўра, “Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖнинг устав капитали миқдори 50 млрд сўмга тенг.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил октябрь ойида бешта банкка тегишли бўлган UZCARDдаги давлат улушининг 75 фоизи компаниянинг тўртта ҳаммуаллифига ўтказилган, улар битимга қадар жами 25% улушга эга бўлган эди. Ўшанда UZCARDдаги давлат улуши 210,1 млрд сўмга (18,9 млн доллар) сотилган.

Маълумот тариқасида: Ўзбекистондаги яна бир тўлов тизими оператори — HUMO'нинг 2023 йилдаги соф фойдаси 114,5 млрд сўмни ташкил этган.


Теглар:

#uzcard

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган