Ўзмиллийбанк 2022 йил соф фойдасидан 2,17 трлн сўмни капитализацияга йўналтирди

Ўзмиллийбанк 2022 йил соф фойдасидан 2,17 трлн сўмни капитализацияга йўналтирди

"Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият миллий банки" АЖ 12 май куни акциядорлар умумий йиғилишини ўтказди. Йиғилишда банкнинг 2022 йилдан қолган (тақсимланмаган) соф фойдаси - 1 423,6 млрд сўмни тақсимлаш қарори қабул қилинди.

Қарорда айтилишича, соф фойда қуйидагича тақсимланади:

  • 120 478 402 649,87 сўм - Умумий мақсадли захира фондини шакллантиришга (соф фойданинг 5%);
  • 65 156 417 166,70 сўм - Солиқ тўловларига (5%);
  • 54 805 102 595,55 сўм - Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 18 сентябрдаги фармойиши ҳамда Президенти Администрациясининг 2020 йил 26 августдаги топшириғига мувофиқ юридик хизматлар харажатларини қоплашга;
  • 1 183 166 823 571,73 сўм - Банк устав капиталини акциядорлар улушини оширишга (қўшимча акциялар чиқариш орқали) йўналтирилди.

Ўзмиллийбанк 2022 йилда 2 трлн 409,6 млрд сўм соф фойда олган эди. 2022 йилнинг 30 сентябрида бўлиб ўтган банк акциядорлари умумий йиғилишида банкнинг 2022 йилнинг I ярим йиллигидаги соф фойдаси - 985,96 млрд сўмни тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, банк 2022 йилги соф фойдасининг 90 фоизини (2 169,1 млрд сўм), 2021 йилги соф фойдасининг 80 фоизини (785,8 млрд сўм) банк устав капиталини оширишга йўналтирмоқда.

Шунингдек, акциядорлар умумий йиғилишида жами 9 та масала кўрилган. Хусусан, банкнинг амалдаги Бошқарув раиси Алишер Мирсоатов билан тузилган меҳнат шартномаси муддати 3 йилга узайтирилиши тўғрисида қарор қабул қилинган.

×